Жаҳон | 11:43 / 25.05.2022
38334
15 дақиқада ўқилади

Путиннинг яна бир куёви Игор Зеленский: ОАВда яна Россия президентининг қизлари ҳақида ёзишмоқда

Россия президентининг қизлари ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо уларнинг ким экани ҳақида жуда кўп манбалар бир хил маълумотлар тарқатган ва шу сабаб айнан Катерина Тихонова ҳамда Мария Воронцова Россия президентининг қизлари деб қаралади.

Катерина Тихонова Россия президентининг кичик қизи экани айтилади. Мустақил нашрлар охирги вақтларда у ҳақда яна ёза бошлади. Уларга кўра, Путиннинг қизи экани айтиладиган Тихонова охирги йилларда Германияда фаолият юритаётган россиялик балет раққоси Игор Зеленский билан яқин муносабатда, жуфтликнинг 2017 йилда туғилган қизи ҳам бор. Олдинроқ Путиннинг катта қизи Мария Воронцованинг ҳаётида ҳам янги йўлдош пайдо бўлгани, ундан фарзанди борлиги ҳақида ёзишганди.

Путиннинг куёви Зеленский

Путиннинг қизи билан боғлиқ суриштирувни россиялик ва германиялик журналистлар олиб борган. Россияда хорижий агент деб топилган «Важная история» ҳамда Германиянинг Der Spiegel нашрлари ўтказган суриштирувда ёзилишича, «Сибур» бошқарув раиси ўринбосари бўлган биринчи эри Кирилл Шамалов билан ажрашгач, Катерина Тихонова 52 ёшли Игор Зеленский билан учраша бошлаган. У бир неча йил Германиядаги Бавария давлат балет дастаси бадиий раҳбари бўлиб ишлаган.

Игорь Зеленский Мюнхен театрида. 2018 йил
Gisela Schober / Getty Images

Зеленский апрел ойида балет дастаси раҳбарлигидан кетган. Суриштирувда айтилишича, катта эҳтимол билан уруш сабабли.

Бу маълумотлар қаердан пайдо бўлиб қолди?

Суриштирув ўтказган журналистлар ихтиёрига 2019 йил 9 декабрда Москвадаги «Внуково» аэропортининг VIP-терминалига қўнган рейснинг йўловчилар рўйхати бориб тушган. Унга кўра, самолётда Тихонова, Зеленский, уларнинг ўшанда икки яшар бўлган қизи, икки энага, фортепиано бўйича ўқитувчи ва Россия Президент хавфсизлик хизматининг уч нафар ходими бўлган. Муаллифларнинг айтишича, бу йўловчилар рўйхатини уларга аэропортда ишлайдиган одам юборган.

Муаллифларнинг ёзишича, уларнинг қўлида Тихонованинг парвозлар тарихи ҳақида ҳужжат ҳам бор. Унга кўра, Путиннинг қизи экани айтилаётган аёл Мюнхенга охирги икки йилда 50 марта учган. Игор Зеленский айнан шу шаҳарда ишлайди.

Журналистларга икки йил аввал Тихонованинг собиқ эри Шамаловнинг ёзишмаларини юборган манба бу гал ҳам эксклюзив маълумотлар улашган. Муаллифларга юборилган ҳужжат Россия президенти хавфсизлик хизмати ходими, бир вақтнинг ўзида Тихонованинг тансоқчиси экани айтилган инсоннинг почта ёзишмалари экани айтилади. Бу ёзишмаларга кўра, тансоқчи Тихонова, унинг эри ва шарифи Игоровна бўлган қизига чипталар сотиб олган.

Der Spiegel журналисти Бавария давлат балет дастасида ишловчи манбага қўнғироқ қилиб, Игор Зеленский ҳақида маълумот сўрайди. Журналист ҳали Путиннинг қизи ҳақида сўрашга улгурмай, суҳбатдош Зеленский катта эҳтимол билан Россия президентининг куёви эканини айтади.

Катерина Тихонова. 2021 йил
Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA

2022 йил апрел ойи бошида Бавария опера театри расмий сайтида Игор Зеленский балет дастаси бадиий раҳбарлигидан кетгани ҳақида хабар пайдо бўлган. Унда айтилишича, Зеленский билан 2026 йилгача тузилган келишув бекор қилинган. Раққоснинг ўзи эса шундай баёнот берган: «Балет труппаси раҳбарлиги тўлиқ эътибор ва ишчанлик талаб қилади. Ҳозир эса менинг хаёлим шахсий ҳаёт, оилам билан банд». Бу вақтда расман Зеленскийнинг хотини бўлган Яна Серебрякова Бавария театрида ишлашда давом этаётгани маълум бўлган. Зеленский хотини билан расман ажрашмаган, уларнинг икки нафар фарзанди бор. Жуфтлик Мариинский театрида танишган.

Игор Зеленскийни Бавария театрида қаттиққўл, классик совет санъаткори деб таърифлашади. У жуда кўп сўкиниб гапиради. Театрга бориши билан баварияликлар ёқимтойи бўлган юлдуз Лючия Лакарруни ишдан бўшатгани билан тилга тушган. Германияда Зеленскийни қаттиққўллиги билан бирга кучли санъаткор деб билишади. Танқидчиларнинг айтишича, унинг даврида театрда кўплаб яхши санъаткорлар етишиб чиққан. Унинг репертуарлари эса классик ва замонавий услубнинг уйғунлашгани билан ҳам машҳур.

Муаллифлар Зеленский ҳамда Тихонова қаерда, қандай танишиб қолганини аниқлай олмаган. Аммо Тихонова 2017 йилдан буён Мюнхенга тез-тез парвоз қила бошлагани маълум.

Ҳозирда 52 ёш бўлган Игор Зеленский собиқ иттифоқ даврида ҳам балет раққоси бўлиб ижод қилган. 2016 йилда Бавария давлат балет дастаси бадиий раҳбари бўлиб ишлай бошлаган. Фаолияти давомида Нью-Йорк, Лондон ва Берлинда ишлаган. 2016 йилга қадар Россиядаги Новосибирскдаги опера ва балет театри бадиий раҳбари бўлган.

Зеленский 2018 йилдан буён «Миллий маданий мерос» фонди назорат кенгаши аъзоси ҳисобланади. Россия ҳудудида йирик маданий объектлар қуриш билан шуғулланувчи бу фонд шахсан Путиннинг ташаббуси билан тузилган. Фонд таъсисчилари Россиядаги машҳур маданий объектлар – Катта театр, Третяков галереяси, Эрмитаж ва Мариинский театри ҳисобланади. Пудратчи сифатида Путиннинг яқин дўсти Аркадий Ротенбергга қарашли «Стройгазмонтаж» компанияси кўрсатилган.

Мариинский театрининг бадиий раҳбари, дирижёр Валерий Гергиев ва Игор Зеленский маданий кластерлар тузиш бўйича йиғилишда. 2019 йил
Виталий Невар / ТАСС

Украина истило қилинган деб ҳисобловчи Севастополда опера ва балет театри қурилаётгани ҳақида Путин 2018 йилда илк марта гапирган. «Медуза» эълон қилган суриштирувда айтилишича, Зеленский катта эҳтимол билан ушбу театрни бошқаради. «Медуза» суриштирувига кўра, Зеленский ва Тихонова раққос Москвадаги мусиқа театри труппасини бошқарган вақтда танишган. Зеленский труппани 2011-16 йилларда бошқарган. Нашр билан суҳбатлашган манбаларнинг айтишича, жуфтликни спектакллардан кейин театрда бирга кўришган, Зеленский спектаклга Тихонова борадиган кунлари жамоани «Бугун таниқли одамнинг қизи келади» деб огоҳлантирган.

Ўз вақтида Зеленский ишлаган театрга Медведев ва Путиннинг рафиқалари ҳам бориб тургани маълум. Катерина Тихонова эса айнан Зеленский труппа раҳбари этиб тайинлангач, Москва мусиқа театрига серқатнов бўлиб қолган. Театр ходимларидан бирининг айтишича, Тихонова одатда ҳамма томошабинлар жойига ўтириб бўлганидан кейин борган ва уни жойига Зеленский кузатиб қўйган. Тихонова жойига чиқиб олгунга қадар театрда чироқлар ўчириб турилган.

Игор Зеленскийни Россиядаги энг машҳур маданий объектлардан бири бўлмиш Катта театрга бошлиқ қилиб қўймоқчи бўлишади, аммо унинг раҳбари Владимир Урин билан шартнома икки бор узайтирилади.

Суриштирувда айтилишича, Катерина Тихонова 2013 йил февралда Шамаловга турмушга чиққанидан кейин ҳам Зеленский билан муносабатларини сақлаб қолган. Ўз навбатида, Шамалов 2018 йил Тихонова билан ажрашгандан кейин ҳам унинг яқинлари, хусусан, Зеленский билан алоқаларни узмаган.

Суриштирувда яна бир қизиқ маълумот келтирилади. Тихонованинг собиқ эри Шамалов Зеленскийнинг расмий хотини Яна Серебрякова билан ҳам тез-тез гаплашиб турган. Ҳатто ўз хотини Тихонова билан гаплашганидан ҳам кўпроқ. Баъзан у Тихонова ва Серебряковага кетма-кет қўнғироқ қилган. Қизиғи, Шамалов телефон қилганда Тихонова ва Серебрякова доим бир ерда – Швейцария, Британия ёки Петербургда бўлган.

Игор Зеленский ва Яна Серебрякова
Bertrand Rindoff Petroff / Getty Images

Хусусан, Шамалов 2017 йил 17 апрел тунда Германияда бўлиб турган Серебряковага қўнғироқ қилади, бир соат ўтмай эса Москвада бўлиб турган Тихоновага. Бу суҳбатдан бир ҳафта ўтиб эса Шамалов бир қатор келишувларга киришади. Масалан, «Сибур»даги 17 фоиз улушини сотади. Бу гаплардан 7,5 ой ўтиб Тихонова Зеленскийдан фарзанд кўради. 2018 йилда эса Шамалов билан ажрашади.

2018 йилги Россия президентлиги учун сайловда Игор Зеленский Мюнхенда туриб овоз беради. Россиянинг Мюнхендаги консуллиги Facebook'даги саҳифаси Игор Зеленскийнинг суратини эълон қилиб, уни таништиради ҳам. 2012 йилдаги сайловларда эса Зеленский Путиннинг сайловдаги ишончли вакилларидан бири бўлган.

Зеленский сайловда овоз бермоқда

2018 йил сайловдан икки кун аввал Москвадаги «ЗАГС» Путиннинг набираси экани айтилаётган болани рўйхатдан ўтказади. Жараёнда расман никоҳда бўлмаган Игор Зеленский ҳамда Катерина Тихонова иштирок этади. Навбатдаги марта бобо бўлган Путин эса айнан ўша кунларда Севастополда опера ва балет театри қуришга кўрсатма беради.

Путиннинг иккинчи қизи

Апрел ойи бошида Россияда хорижий агент деб эълон қилинган «Медуза» ва «Настоящее время» нашрлари Путиннинг тўнғич қизи экани айтиладиган Мария Воронцова ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Воронцованинг янги умр йўлдоши москвалик менежер Евгений Нагорний экани айтилади. Айнан ўша суриштирувда Воронцова 42 ёшли нидерландиялик Йоррит Фаассен билан алоқани узгани айтилганди. Аммо уруш бошлангандан кейин ҳам Фаассен Москвада қолган. Муаллифлар Путиннинг қизи экани айтиладиган Воронцованинг Евгений Нагорний билан яқин муносабатда эканини авиапарвозлар тарихидан билиб олишган. Шунингдек, уни дугонасининг тўйида Нагорний билан бирга кўришган. Ўша суриштирувда жуфтликнинг улар билан доимий дунё кезадиган фарзанди ҳам борлиги айтилган. Бола отасининг фамилиясини олган.

Евгений Нагорний Москва молия ва ҳуқуқ университетининг божхона факултетида ўқиб, «Россия мудофаа экспорти» божхона брокерида ишлаган. Кейинчалик «Еврохим» компаниясида бош мутахассис бўлган. Суриштирув муаллифлари Нагорний Воронцова билан яқин муносабатда бўла бошлаганидан кейин «Новатэк» компанияси менежерига айланганига эътибор қаратган. Бу корхона раҳбарларидан бири Путиннинг яқин дўсти Геннадий Тимченко ҳисобланади. Воронцова билан учрашгунга қадар мухолиф кайфиятда фикрлаган Нагорний кейинчалик ўз қарашларидан воз кечгани айтилади.

Мария Воронцова номи ОАВда шу кунларда яна бир сабаб билан қайта-қайта тилга олинди. Шахси сир қолган манба журналист Дмитрий Колезевга Москва давлат университети фундаментал тиббиёт факултети битирувчиларининг ёпиқ чатдаги суҳбатидан олинган скриншотларни юборади. Reuters 2011 йилда Воронцова айнан шу факултетни тамомлагани ҳақида ёзган. Журналистга скриншотларни юборган манба чатда «Maria V» ники билан айнан Мария Воронцова ёзишини айтган.

Скриншотларда «Maria V» ники билан кирган фойдаланувчи сиёсий муҳокамаларда фаол бўлиб, урушда Россияга агрессор деб эмас, жабрдийда деб қараш кераклигини иддао қилади. Чатда уруш учун жавобгарлик Путиннинг гарданига тушиши ҳақида муҳокама борганда «Maria V» никли фойдаланувчи хусусан шундай деб ёзган: «АҚШ ва Ғарб Россияни кучсизлантириб, хомашё давлатига айлантириб қўймоқчи».

Санкция остидаги биринчи оила

Россия президенти Владимир Путин расман фақат бир марта оила қурган. Унинг Людмила Путина (ҳозирда Людмила Очеретная) билан икки нафар қизи бор. Уларнинг исми-шарифи, қаерда ишлаши расман ошкор этилмаган. Аммо Ғарб разведка хизматлари айнан Мария Воронцова ва Катерина Тихонова Путиннинг қизлари экани ҳақида ёзган. Бу икки аёл Россия давлат телеканалларида ҳам бир неча бор кўриниш берган.

Путиннинг қизлари экани айтиладиган бу икки аёл ҳам АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада, Британия, Австралия ва Янги Зеландия санкцияларига учраган. АҚШ молия вазирлиги Катерина Тихонова баъзи ўринларда Шамалова фамилияси билан ҳам қайд этилган деб ҳисоблайди. Воронцова эса ОАВда Фаассен ҳамда Путина фамилиялари билан қайд этилган.

13 май куни Британия Путиннинг иккинчи турмуши экани айтиладиган Алина Кабаевага қарши санкция эълон қилганди. Кабаева Путиннинг жиянлари ва собиқ хотини Людмила Путина билан битта санкция рўйхатига киритилган. Тармоқда бундай санкция рўйхатини британча юмор деб атаганлар ҳам топилди. Бу санкция эълон қилинишидан аввал Wall Street Journal нашри Кабаева Путиндан камида уч нафар бола кўрганини ёзганди. Маълум бўлишича, Кабаевага қарши санкция киритиш режаси АҚШда ҳам бўлган, аммо охирги дақиқаларда «Путиннинг жиғига тегмаслик учун» бу банд санкциялардан олиб ташланган.

Путин Катерина Тихонова ҳамда Мария Воронцова унинг қизлари экани ҳақидаги маълумотларга ҳеч қачон муносабат билдирмаган. Шу йил апрел ойида Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Воронцова ҳамда Тихонова санкция рўйхатига киритилганига муносабат билдирар экан «оила аъзоларига қарши чекловларни тушунмаслиги»ни айтганди.

Кремлда Кабаеванинг Путинга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қачон муносабат билдиришмаган. Аммо Британия унга қарши санкция қўллаганидан бир неча соат ўтиб Россия Ташқи ишлар вазирлиги россияликларга Британияга бормаслик, бу давлатга виза олишдан тийилишни тавсия қилди.

BBC мухбири Андрей Захаров Путиннинг яқинлари ҳақида маълумот нега муҳимлиги ҳақида шундай дейди:

Дунё журналистикасида давлат раҳбарларининг оила аъзоларига оид ҳар қандай маълумотлар икки хил кайфиятда тарқатилиши билан характерли. Биринчидан, оила аъзолари ўзларининг кимлигидан фойдаланган ҳолда бойлик орттираётган бўлса, бу борадаги маълумот жамият учун муҳим. Иккинчи усулдаги маълумот тарқатиш бир қадар «сариқлашган» усулда амалга оширилади. Бунда, айтайлик, етакчининг хотини кўчада маст бўлиб юргани ҳақидаги маълумот ҳам қизиқ кўринаверади.

Путин оиласи ҳақида маълумотларни ҳар қанча яширишга уринмасин, барибир баъзи маълумотлар гумонларни кучайтириб тураверади. Масалан, Путиннинг қизи экани айтиладиган Катерина Тихонова «Иннопрактика» илмий фондини бошқаради. Бу фонд давлат ташкилотлари ва тўғридан тўғри давлатдан катта-катта субсидиялар олиши маълум.

Путиннинг учинчи қизи экани айтиладиган Светлана Криваногихнинг онаси «Россия» банки акционерларидан бири ҳисобланади. АҚШ Молия вазирлиги бу банкни Россия президентининг атрофидагиларга тегишли банк деб атаган. Алина Кабаева билан ҳам шундай ҳолат: у «Миллий медиа гуруҳ»ни бошқаради. Бу компаниянинг асосий ҳиссадори «Россия» банки ҳисобланади. Уруш бошланганидан кейин эса Кабаева ҳолдингда ишлаши ҳақида маълумот ташкилот сайтидан ғойиб бўлган.

Зеленский Германиядан кетди

Кетма-кет суриштирувлар қаҳрамонига айланган Игор Зеленский Германияни тарк этишга ҳам улгурди. Бу ҳақда германиялик ва россиялик журналистларнинг суриштирувидан кўп ўтмай Bild нашри хабар тарқатди. Суриштирув ўтказган журналистларнинг Игор Зеленский билан боғланишга уринишлари самарасиз кетган.

Мавзуга оид