Ўзбекистон | 10:43 / 25.05.2022
13970
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида кўп миқдорда гиёҳванд ўсимлик ўстираётган шахслар ушланди

Жума шаҳридаги цемент омборида 2 000 тупдан ошиқ марихуана ўстираётган шахслар тезкор тадбир арафасида гиёҳванд ўсимликларни ёқиб юборишган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳамда ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Паст Дарғом ва Пайариқ туманларида гиёҳвандлик моддаларини етиштириб келаётган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Тадбир давомида, Паст Дарғом туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган М.А. Жума шаҳридаги цемент сақлаш омборхонасидаги 4 сотих ерда жиноий шериклари: Паст Дарғом туманида яшовчи Х.Б. ҳамда Тошкент шаҳрида яшовчи Р.А. билан биргаликда, 2000 минг тупдан ошиқ марихуана гиёҳвандлик воситаларини парваришлаб келаётгани фош этилган.

Тадбир ўтказилаётган вақтда ноқонуний тарзда гиёҳванд моддаларни ўстириб келаётган йигитлар омборхонани ёқиб юборишган. Орган ходимлари томонидан олов ўчирилгунча у ерда ўстирилаётган марихуананинг катта қисми ёниб кетган. Ёнғиндан 610 туп марихуана сақланиб қолган.

Яна бир тадбирда, Пайариқ туманида яшовчи А.А. яшаш хонадонида 103 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келгани аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид