Жаҳон | 15:04 / 26.05.2022
18202
1 дақиқада ўқилади

"Украинадаги азоб-уқубатларни бас қилинг!": Германия президенти Путинга мурожаат қилди

Штайнмайер Путинни Зеленский билан музокаралардан бош тортмасликка даъват қилди.

Фото: DPA

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Владимир Путинни Украинадан қўшинларни зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирди.

"Украина суверенитетини ҳурмат қилинг, жанговар ҳаракатларни тўхтатинг", - деди Штайнмайер.

"Жаноб Путин, Украинадаги азоб-уқубатлар ва бузғунчиликларни бас қилинг! Қўшинларингизни олиб чиқиб кетинг! Президент Зеленский билан тўғридан тўғри ва жиддий музокаралардан бош тортманг!", - дея мурожаат қилди у Россия президентига.

Штайнмайер шунингдек, "Путиннинг тажовузкор уруши фақат Украинадаги одамларгагина таъсир қилмаётгани"га эътибор қаратди.

"Яқин ойларда дунёнинг кўплаб ҳудудларига, айниқса, Шарқий ва Жанубий Африкага очарчилик ва ўлимлар таҳдид солади", - деди у.

Германия президенти "Путин урушининг оқибатлари ҳали коронавирус пандемиясидан тикланишга улгурмаган давлатлар ва иқлим инқирози сабабли қурғоқчиликка дуч келган ҳудудларга зарба бериши"ни таъкидлади. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид