Иқтисодиёт | 22:31 / 27.05.2022
31923
4 дақиқада ўқилади

“Биринчи марта рўй берганда огоҳлантириш тизимини йўлга қўймоқчимиз” — Дилшод Султонов чеклар можароси ҳақида

“Бир чоракда чекка қишлоқдаги тадбиркор 3-4 марта чек бермаган, 15 миллион сўм жарима чиққан. Унинг топган даромади 15 миллионга ҳам етмаса керак. Шунинг учун биринчи мартада огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш учун ишлаяпмиз”, деди молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Kun.uz билан суҳбатда. Бироқ у жарималар ўзгармаслигини таъкидлади.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Бухорода бўлиб ўтган Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форумида Kun.uz мухбирининг чек можароси туфайли солиқ маъмурчилигига ўзгартиришлар киритиладими деган саволига жавоб берди.

Вазир ўринбосарига кўра, самосуд каби ҳолатларда тадбиркорлар чек бермаётгани исботланган.

“Биз бу нарсани доимий мониторинг қиламиз. Янги тизим жорий қилинганидан кейин чек бериш маданияти кескин ошди. Одамлар чек беришни бошлади. Тадбиркор чек бермаган тақдирда хабар берган фуқарога жарима суммасининг 20 фоизи берилмоқда. Ҳозир биз бошқа йўналишларни ҳам кўриб чиқяпмиз. Самосуд каби ҳолатларда чек бердими ёки бермадими деган саволларга жавоб топиш учун таҳлиллар ўтказганимизда кўп жойларда чек бермагани тасдиқланяпти. Фуқаро дўкондан ўзи харид қилган суммаси учун чекни олмаган.

Бироқ харид суммаси миқдоридан ташқари жарималаримиз юқори, жуда юқори. Бу жарималар аввалдан бўлган, лекин қўпол қилиб айтганда, қўлланилиб келинмаган. Бу йилдан бошлаб кўряпмизки, фаол фуқароларимиз бор, ўз манфаатидан келиб чиқиб, чек бермаганлик ҳолатлари юзасидан хабар бермоқда. Биз жойига бориб ўрганганимизда чек бермаган ҳолатлар мавжуд ва чек бермаганлик учун жазо қонунда назарда тутилган”, – деди вазирлик мулозими.

Дилшод Султонов янги тизим чек маданиятини оширган бўлса-да, бошқа томондан жарималарни тўлаш тадбиркорларга, айниқса чекка ҳудудларда кам даромад топаётганларга қийинчилик туғдираётганини айтди.

“Ҳозир бу нарсани такомиллаштириш устида ишлаяпмиз ва шуни тушуняпмизки, тадбиркорлар томонидан жарималар жуда қийинчилик билан тўланяпти. Қишлоқ жойларида бир тадбиркор бир чоракда 3-4 марта чек бермаган бўлса, 15 миллиондан жарима тўлашига тўғри келади. Аммо у топаётган жарима 15 миллион бўлмаса керак. Биз бир тизимни жорий қилмоқчимиз-ки, балки олдин огоҳлантирармиз. Бирданига жарима солмаймизда, биринчи марта огоҳлантириб, ҳолат яна бир марта қайтариладиган бўлса, ўшандан кейин жарима солиш механизмларини қўллаш бўйича ишлаяпмиз”, – деди у.

Шунингдек, вазир ўринбосари солиқ маслаҳатчилари эътиборга олмаслик фоизини жорий қилишни таклиф қилишаётгани, яъни арзимас суммага чек бермаганлик учун жаримага тортмаслик, миқдор маълум чегарадан ошгач жаримага тортиш таклифига ҳам муносабат билдирди.

“Жарима нуқтайи назаридан қараганда қонунбузарлик ҳамма учун бир хил. Масалан, қизил чироқ ёнди. Бир сония ўтдими, 10 сония ўтдими – фарқи йўқ, қизилдан ўтганимдан кейин жарима тўлашим керак. Ёки “Нексия”да ўтдимми, “Мерcедес”да ўтдимми – фарқи йўқ, жарима бир хил бўлиши керак. Сабаби мен қонун буздим.

Шунинг учун ўйлаяпманки, қонунбузарлик бўлгандан кейин жарима тўлаш керак, бу ерда авваламбор биз бизнес билан чуқурроқ ишлашимиз, тушунтиришимиз керак. Бу ерда 1000-2000 сўмга чек бермади деган нарса бўлиши керак эмас. Харидор харид қилгандан кейин чекини олиши керак”, – деди Султонов.

Аввалроқ, Kun.uz чек можароси борасида солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашганди. Мутахассис тадбиркорни жазолашдан олдин тўғри механизм яратиб бериш кераклигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид