Ўзбекистон | 18:48 / 28.05.2022
20644
4 дақиқада ўқилади

“Таълим тизимимиз ҳали ҳам советча” – Азамат Зиёев

“Олдин одам ўз тарихи, динини билиши керак. Нега бизда дин билан боғлиқ муаммолар бор? Бу масалада ишимизни ўнглашни истасак, ишни таълим-тарбиядан бошлашимиз керак”, – деди Фанлар академияси тарих институти директори Азамат Зиёев Сенат ялпи мажлисида.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

Сенатнинг бугун – 28 май куни бўлиб ўтган  ялпи мажлисида ёшларни интернетда зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Парламент сўрови юзасидан Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиевнинг ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг, мавзу юзасидан тарих фанлари доктори Азамат Зиёев фикрларини билдириб, таълим тизимини миллийлик устига қуриш ва ўзбек тилига чуқурроқ эътибор қаратиш ҳақида гапирди.

“Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман: токи таълим-тарбия тизимимизни миллийлик асосида қўймас эканмиз, ҳеч нарсага эришолмаймиз. Агентлик, вазирлик – уларнинг иши умуман бошқа. 3 ёшда бола боғчага боради, 18 ёшида мактабни битиради. 15 йил умри мактаб, боғчада ўтади. Биз шу 15 йил ичида миллий тарихимиз, тилимиз, санъатимиз, мусиқамиз, географиямизни уларга сингдира олсак, марра бизники. Биз бу ишларни қила олмаяпмиз. Энди киришдик, буни тан олишимиз керак. Шу маънода президентимиз Қашқадарёда бўлганида Амир Темурнинг Тўхтамишхон билан жанги борасида “Биз кимларни ўрганиб юрамиз, олдин ўзимизнинг тарихимизни ўрганишимиз керак”, дедилар. Биз 9-синфгача ўзимизнинг тарихимизни ўргатайлик болаларга”, – деди у.

Азамат Зиёевга кўра, таълим тизимидаги стандартлар ҳали ҳам советча.

“Шундай одатимиз бор, бағримиз кенг – ҳаммага қучоғимизни очиб юборамиз. Бўлди, у замонлар ўтди. Шу кунларда бутун дунё кўз ўнгида турган катта муаммолардан биттасида нима олдинга чиқади, деганда миллий руҳ олдинга чиқаётганини кўриб турибмиз. Интернет тезлигини минг баробар оширайлик, у ердаги ахборотнинг ҳаммасини ўзбекчалаштирайлик, аммо мазмун миллий бўлмаса, унақа интернет тезлиги, чат, ботнинг бизга нима кераги бор? Ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак. Айниқса, тарих бўйича юз фоиз кафолат бераман. Жаҳон тарихи дарслигида муқаддас Рим империяси деб берилади. “Муқаддас” улар учун, биз учун эмас. Ҳали ҳам ўша эскича – Европа, Россия нуқтайи назаридан қараш. Бизнинг таълим тизимимиз ҳалигача советча. Совет даврида шаклланган андозалар талаблар асосида келяпти. Буни биз айтишдан уялмаслигимиз керак. Албатта, замон талаблари асосида Америка, Япония Европа тажрибасини ўрганиш керак, бу бошқа масала. Менинг ёшимдагилар яхши эслайди, совет даврида ўқиганлар бизга ўша пайтда “О, Америка ёшлари фақат ўзининг тарихини билади, биз бутун дунё тарихини биламиз”, деб мақтанарди. Ҳозир ўйласам, тўғри қиларкан ўшалар. Ҳозир биз ўз маҳалла, қишлоғимиз тарихини билмаймиз. Олдин одам ўз динини билиши керак, нега бизда дин билан боғлиқ муаммолар бор? Билмагандан кейин кетаверади-да. Бу масалада ишимизни ўнглашни истасак, таълим-тарбиядан бошлашимиз керак. Бекорга президентимиз энг оғир бўлишига қарамай боғчани йўлга қўйганлари йўқ”, – таъкидлади тарих институти директори.

Шунингдек, у хусусий таълим кўздан қочирилаётганига ҳам урғу берди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги боғча, мактабларда асосан таълим рус тилида.

“Агарда бу боғчаларга кимларнинг фарзандлари бораётгани, 10-15-30 йилдан кейин улар бу жамият бошқарувини қўлга олишини инобатга олсак, биз хавотирга тушишимиз керак. Тўғри, хусусий таълим бизнес масаласи. Лекин гап тарбия ҳақида кетяпти. Хусусийми, давлатми, бошқами – аҳамияти йўқ. Андозаларимиз, талабларимиз ҳаммаси бир хилда бажарилиши керак, деб ҳисоблайман”, – дейди тарихчи.

Мавзуга оид