Ўзбекистон | 15:24 / 31.05.2022
19243
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2050 йилга бориб сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига киради 

Сув етказиш тармоғи 60 фоизга эскирган, бу сув сифатига таъсир қилмай қолмайди, дейилди “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ўтказилаётган матбуот анжуманида.

31 май куни АОКАда давлат раҳбарининг “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев сув сифатида ва тармоқлар ҳолати бўйича маълумотлар бераркан:

“Афсуски сув узатиш тармоқларимизнинг 60 фоизи эскириб кетган. Шундай қувурларимиз борки, улар 40-50 йилдан бери фойдаланиляпти ва уларга тегиш мумкин эмас, парчаланиб кетади. Лекин сув ўтиб турибди. Биз уларга қанчалик тоза ва сифатли сув узатсак ҳам қувур салбий таъсирини ўтказади. Биз инвестициявий дастурлар бўйича, давлатимиз бераётган ёрдам ва ўз маблағларимиз билан йилма-йил тармоқларни янгилаш дастурига эгамиз.

Сув сарфини назорат қилиш, исрофни камайтириш бўйича ҳам муаммоларимиз бор. Чунки Ўзбекистон сув танқис мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра Ўзбекистон ҳозир сариқ ҳудудда. Лекин биз яқин йилларда қизил ҳудудга тушиб қолишимиз, сув танқислиги 2 млрд куб/метрдан ошиб кетиши мумкин. Ҳисоб-китоблар 2050 йилларга бориб бу юз беришини кўрсатяпти. Биз буни кутиб ўтирмай, тежамкорликни ҳозирдан йўлга қўйишимиз керак. Бу масалада ОАВнинг ўрни катта, чунки аҳолига исрофнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш зарур”, – деди. 

Kun.uz мухбирининг “Кўп муаммолар тариф сиёсатига тақаляпти. Сув жуда арзонлиги учун ҳам исроф қилинмаяптими? Шу билан бирга қачонгача ҳожатхоналарга ичимлик сувини оқизамиз? Ҳеч бўлмаса янги қурилаётган уйларга техник сув таъминоти талабини қўйиш имкони йўқми?” деган саволларига масъуллар шундай жавоб беришди:

“Бугунги кунда Тошкент шаҳрида қувурлар орқали етказилаётган бир литр сув баҳоси 40 тийин. Тариф сиёсатини ўзгартириш бўйича ишлаяпмиз. Хорижий консультантларни ҳам жалб қилганмиз. Ижтимоий масалани, сув захираларини ўрганяпмиз. Энг осон йўлдан бориш – шундай нархни кўтариб қўйиш мумкин. Лекин бу кўзланган натижани бермайди. Биз бунинг учун табақалаштирилган тарифни, 14 ҳудудда 14 хил тарифни эмас, универсал тарифларни ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз. Исроф масаласида энг самарали усул ҳисоблагичларни тўғри ишлатиш. Афсуски ҳалигача 40 фоизгача истеъмолчилар ҳисоблагичлар ўрнатишмаган. Андижон 11, Сурхондарёда 30 фоиздан ортиқроқ истеъмолчи ҳисоблагич ўрнатган. Бу жуда паст кўрсаткичлар. 1 млндан ортиқ ҳисоблагич муддати ўтиб кетган.

Техник сув таъминоти ўрганилган, ҳалигача ўрганиляпти. Хорижий давлатларда бу йўлга қўйилган, вақти келиб биз ҳам бунга етиб борамиз. Лекин бу тизимли муаммо бўлиб, умуман шаҳарсозлик нормаларини ўзгартиришга тўғри келади” .

Шунингдек, тадбирда 1345 та маҳаллада сув таъминоти оғир аҳволда эканлиги маълум қилинди. Булардаги вазиятни ўнглаш учун бюджетда бу йил 2 трлн сўм маблағ ажратилган ва 741 та маҳаллада ишлар олиб бориляпти. Республика бўйича энг оғир ҳудуд Қашқадарё – 43 фоиз, кейинги ўринларда Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари туради, 60 фоиз атрофида таъминланган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид