Ўзбекистон | 18:26 / 01.06.2022
10765
2 дақиқада ўқилади

Халқаро болалар кунида 61 нафар бола Сенатга таклиф қилинди

1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан 61 нафар имконияти чекланган, ногиронлиги бор ва иқтидорли болалар Сенатнинг янги биносига таклиф этилди. Улар билан Сенат раиси Танзила Норбоева учрашди.

Учрашув давомида болаларга Сенат биносида турли қонунлар муҳокамаси олиб борилиши ва улар шу ерда маъқулланиши, ёки рад этилиши тушунтирилди. Шу билан бирга, ҳозирда кутилаётган янгиликлар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Учрашув давомида болаларга Сенат биносида қонунлар муҳокамаси қандай олиб борилиши ва қабул қилиниши ҳақида тушунчалар берилди.


 
“Хусусан, ўқиб-ўрганишларингиз учун замонавий мактаблар, жисмонан чиниқишингиз учун спорт иншоотлари, истеъдодингизни ривожлантириш учун турли марказлар ташкил этилган ва бошқа кўплаб имкониятлар қўлингизда. 

Сўнгги йилларда барчанинг бепул таълим олишга бўлган ҳақ-ҳуқуқи таъминлангани ҳолда, индивидуал таълимга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ижод ҳамда Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган махсус таълим муассасалари ташкил этилди. Сизларнинг ҳар бирингиз бир оламсиз.

Ҳар бирингизнинг ўзингизга хос қизиқишингиз, истеъдодингиз ва қобилиятингиз бор. Ушбу мактаблар уларни рўёбга чиқариш, келажакда ўзингиз танлаган соҳани эгаллаш, етук мутахассис бўлишингизга мустаҳкам замин ҳозирлайди”, – деган Сенат Раиси.

Танзила Норбоеванинг қайд этишича, бу йил президент ташаббуси билан қизлар махсус университети ташкил қилинади, олималар сонини ошириш учун турли грант лойиҳалари жорий этилади.

Тадбир сўнгида болаларга эсдалик совғалари улашилди.

Мавзуга оид