Андижонда пиллачилик кластери раҳбари пилла қабул қилиш пунктини сотаётганда ушланди
Олтинкўл ва Асака туманларида пиллачилик соҳасида кластер бўлиб фаолият юритиб келаётган корхона раҳбари пилла қабул қилиш пункти бино ва иншоотларни бошқа бир шахсга 180 минг долларга сотиб юборгани айтилмоқда. Бу ҳақда Асака туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, “Қўнғирот” МФЙ ҳудудида 1,15 га майдонда жойлашган “Қўнғирот пилла қабул қилиш пункти” бино ва иншоотлари “E-Auksion” орқали сотувга чиқарилган.
Аукцион натижаларига кўра, “Асака ипаги” МЧЖ ғолиб деб топилиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси билан “Асака ипаги” МЧЖ ўртасида 2022 йил 11 май куни олди-сотди шартномаси имзоланган.
Шартноманинг 5,4 бандига кўра, объектдан самарасиз фойдаланиш, қисмларга бўлиб сотиш, бошқача тарзда бегоналаштириш, шартнома шартлари бўйича олинган мажбуриятлар тўлиқ бажариб бўлгунга қадар кредитнинг гаров таъминоти сифатида фойдаланиш, бузиб юбориш ва бошқача тарзда шикаст етказиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ушбу бино ва иншоотлар аукционга қўйилишида ғолиб чиқувчи юридик ёки жисмоний шахс объектдан самарали фойдаланиши, инвестиция киритиши, иш ўринларини яратиши, белгиланган режаларни ўз вақтида бажариб бориши мақсадлари қўйилган.
Бироқ 2021 йилдан буён Олтинкўл ҳамда Асака туманларида пиллачилик соҳасида кластер бўлиб фаолият юритиб келаётган “Асака ипаги” МЧЖ раҳбари юқоридаги шартларга амал қилмасдан бино ва иншоотларни бошқа бир шахсга 180 000 АҚШ долларига сотиб юборган, дейилади хабарда.
Айтилишича, у 180 минг доллардан маълум миқдордаги маблағни олиш жараёнида қўлга олинган.
“Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади”, – дейилади хабарда.
Аввалроқ, Андижонда темирйўл станцияси тасарруфидаги ерни сотиб юбормоқчи бўлган станция бошлиғи ушлангани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
16:59 / 02.11.2024
Андижонда ўқувчиларни калтаклаган мактаб директори ишдан олинди
15:44 / 01.11.2024
Андижонда ҳожатхонага тушиб кетган қизалоқ қутқариб қолинди
19:58 / 23.08.2024
“Химикат”сиз пишган тарвузлар — қирни ўрмонга айлантираётган Отабек ҳикояси
20:56 / 12.08.2024