Ўзбекистон | 07:44 / 04.06.2022
10167
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги атрофи бетонланган дарахтлар ҳақида хабар беришни сўради

Тошкент шаҳар ҳокимлиги агар дарахтлар атрофи зич қилиб бетонлангани ёки асфальт ётқизилаётгани кузатилса, “Халқ назорати” хизматига хабар беришни сўради.

Фото: ekologuz

Қайд этилишича, зич қилиб бетонлаш ёки дарахт танасига яқин қилиб асфальт ётқизиш суғориш, тупроқнинг нафас олиши ва дарахт ўсиши учун жой қолдирмайди. 

“Аммо биргаликда биз дарахтларни сақлаб қолишимиз ва бепарво қурувчиларнинг ҳаракатларидан зарарни бартараф этишимиз мумкин.

Сизларни фаол ҳаракатга ва бефарқ бўлмасликка чақирамиз: агар дарахтлар атрофи зич қилиб бетонлангани ёки асфальт ётқизилаётганини кўрсангиз, “Халқ назорати” хизматининг махсус бўлимига хабар беринг. У дарахтни бетонлаш ҳақидаги маълумотларни мақсадли қайта ишлаш учун яратилган ва тўғридан тўғри ижрочилар билан тезда боғланишга ёрдам беради.

“Халқ назорати” → “Жамоат жойи” → “Экология” бўлими → “Бетонланган дарахт танаси” бандини танланг”, дейилади маълумотда.

Билдирилишича, дарахтлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида 268 та хабарнинг 66 таси бетонлаш боғлиқ. 61 та дарахт бетондан озод қилинган, қолган 5 тасида иш жараёни кетмоқда ва назорат остида (31 май ҳолатига кўра).

Ҳокимлик бундай муаммолар ҳақида хабар берувчи, улар бартараф этилганидан кейин бетондан озод қилинган дарахтлар фотосуратларини эълон қилувчи Telegram каналларга миннатдорчилик билдирган. Ечим янада тезроқ бўлиши учун эса, фойдаланувчилардан тўғридан тўғри “Халқ назорати”га мурожаат қилиш сўралган.

Маълумот учун, “Халқ назорати” хизмати пойтахт аҳолиси ва Тошкент шаҳридаги шаҳар хизматлари ходимларининг самарали ҳамкорлиги учун интерактив хизматдир. Хизмат 2021 йил 16 февралда ишга туширилгандан буён 9222 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг мурожаатлари бўйича 8377 та муаммо бартараф этилган. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид