Жаҳон | 09:24 / 09.06.2022
19754
3 дақиқада ўқилади

Полша президенти Шолц ва Макроннинг Путинга қўнғироқларини танқид қилди 

Анжей Дуда Германия канцлери ва Франция давлати раҳбарининг Россия президенти билан телефон суҳбатлари давом этаётганини, улар эса «ҳеч нарсага олиб келмаётганини» танқид қилди.

Фото: Mindaugas Kulbi / AP

Полша президенти Анжей Дуда Германия канцлери Олаф Шолц ва Франция раҳбари Эммануэл Макрон Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари давом этаётганига қарамай, Россия етакчиси Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилаётганини танқид қилди. Дуда Bild нашрига интервью берди, у 8 июнь, чоршанба куни YouTube’да эълон қилинган.

«Путин билан канцлер Шолц, президент Эммануэл Макрон олиб бораётган барча суҳбатлардан ҳайратдаман. Бу музокаралар ҳеч нарсага олиб келмаяпти», - деди сиёсатчи. Полша раҳбарининг сўзларига кўра, бу суҳбатлар кўпроқ «Россия армиясининг Украинада содир этган жиноятлари учун масъул бўлган шахс учун ўзига хос қонунийлик» таъсирига эга. 

Россия кучларининг Украинага юборилгани учун фақат Путин жавобгар, деди Дуда. Айнан Путинни қўшинлар қўмондонлари қўллаб-қувватламоқда, дея қўшимча қилди президент. 

Бундан аввал Германия канцлери Украина президенти Володимир Зеленскийни Россия ва Франция президентлари билан 28 май куни бўлиб ўтган сўнгги телефон мулоқоти ҳақида хабардор қилган эди. Шолц ва Зеленский «Украинадан ғалла экспортини, биринчи навбатда, денгиз орқали амалга оширилишини таъминлаш учун ҳамма нарсани қилиш керак» деган фикрга қўшилди, дейилади Германия етакчисининг канцелярияси хабарида. Икки давлат етакчилари Украинани қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилишда давом этади ва «яқин алоқада бўлади», деб хабар берди Германия ҳукумати матбуот хизмати. 

Аввалроқ Полша президенти Анжей Дуда Германия ҳукуматини танқид қилганди. Дуданинг сўзларига кўра, Германия Полшага берган ваъдаларини бажармади – немислар Варшава Украинага ўз захирасидан берган танклар ўрнига танклар етказиб бериши керак эди. 

«Улар бу ваъдани бажармади ва очиғи, биз бундан жуда хафамиз», деди Дуда Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида. Келишувга кўра, Шарқий Европа давлатлари ўзини Россия ҳарбий ҳаракатларидан ҳимоя қилаётган Украинага совет иттифоқида ишлаб чиқарилган танкларини жўнатиши ва улар эвазига Германиядан замонавий ҳарбий техника олиши керак бўлган.

Шундан сўнг, 24 май куни Берлинда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг полшалик ҳамкасби Збигнев Рау қурол-яроғларнинг кейинги топширилишини муҳокама қилди. Бербокнинг таъкидлашича, оғир қуролларни «тугмачани босиш ёки бармоқни чертиш билан етказиб бериш мумкин эмас». Унинг сўзларига кўра, ҳали мавжуд техникаларни текшириш ва «нима мавжуд, нимани таъмирлаш ёки буюртма бериш кераклиги»ни билиш керак. 

Мавзуга оид