Жаҳон | 09:33 / 09.06.2022
15827
2 дақиқада ўқилади

Сбербанк ташқи савдо тўловларини юанда амалга оширишни тўхтатди 

Сбербанк хитойлик ҳамкорлар билан ҳисоб-китобларни тиклаш бўйича ишламоқда, ташқи савдо тўловларининг тўхтатилиши корпоратив мижозларга таъсир кўрсатди.

Фото: Zuma / ТАСС

7 июндан бошлаб Сбербанк Хитой юанидаги ташқи савдо шартномалари бўйича тадбиркорлар томонидан тўловларни амалга оширишни тўхтатди. Бу ҳақда 8 июнь, чоршанба куни компания вакили маълум қилди.

«Ҳозирда банк хитойлик ҳамкорлар билан вазиятни ҳал қилиш ва ҳисоб-китобларни тиклаш бўйича иш олиб бормоқда», — деди у. Молиявий муассаса вакилининг сўзларига кўра, чора корпоратив мижозларга таъсир қилган ва «вақтинчалик» ҳисобланади.

Банкнинг колл-маркази ходими чеклов муддатига аниқлик кирита олмади. Компанияларга ҳозирча ҳамкор банклар ёки бошқа ваколатли кредит ташкилотлари хизматларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Сбербанк Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Европа иттифоқи, АҚШ, Канада ва Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди. 

Олтинчи санкциялар пакети доирасида ушбу молиявий ташкилотни SWIFT тизимидан узишга қарор қилинди. 

Аввалроқ, 24 март куни АҚШ Россиянинг Украинадаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари фонида Сбербанк раҳбари Герман Грефга нисбатан санкциялар жорий қилган эди. 

Мавзуга оид