Ўзбекистон | 11:24 / 10.06.2022
11583
2 дақиқада ўқилади

Икки вилоятда фермер хўжалиги ерини сотиб юбормоқчи бўлган шахслар ушланди

Фермер хўжаликларининг ер майдонларини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан Транспорт прокуратураси ҳамда ИИВ ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаро З.Ю. Тошкент вилояти Пискент туманидаги “Б.” боғдорчилик узумчилик ширкатига қарашли бўлган, 6 нафар фуқарога узумчилик йўналишида ажратилган жами 1,1 гектар ер майдонини бошқа бир фуқаро М.га 30 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Шу каби, департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Шароф Рашидов туманидаги “Х.А.” фермер хўжалиги раҳбари А.Р. ушбу хўжаликнинг 68,8 гектар сувли ер майдонининг 5 гектарини фуқаро М.га танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 200 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Департамент хабарига кўра, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид