Ўзбекистон | 20:32 / 16.06.2022
11749
2 дақиқада ўқилади

«Ҳали тайёр эмасмиз» – вазир давлат олий таълим муассасаларини хусусийлаштириш жараёнлари бошланмагани ҳақида

Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясидаги давлат олий таълим муассасаларининг 49 фоиз улушини хусусийлаштириш банди бўйича ҳали бирорта ОТМ хусусийлаштирилмаган.

Бу ҳақда 16 июн куни ўтказилган матбуот анжуманида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Kun.uz мухбири саволига жавобан маълум қилди.

«Очиқ айтаман, ҳозиргача давлат олий таълим муассасаси улушларини хусусийлаштириш бўйича жараёнлар бошланмаган. Лекин агар буни бошласак, олий таълим ҳам фойдали, ҳам даромадли соҳаки, бунга киришиб кетишади.

Биз унинг ҳамма мезонларини ишлаб чиқамиз ва 2023 йилдан жараёнларга киришиш ниятидамиз. Чунки хусусий олий таълим муассасалари ҳозир жуда кўп очиляпти. Ва уларнинг ҳаммаси ҳам ҳали самара беряпти, деб ўйламайман.

Менинг бунга баҳо беришим қанчалик тўғри, билмадим, инспекция, жамоатчилик бор. Ҳозир бу босқичдан қарийб ўтиб бўлдик. 2026 йилгача бизда 50 та хусусий олий таълим муассасаси бўлиши керак. Адашмасам, ҳозир 26–27 та бўлиб қолди, 30 га яқинлашди.

Ҳозиргача бўлмаган, тўғри. Тайёр эмасмиз бунга ҳали. Чунки жуда кўп давлат ташкилотлари хусусийлашгандан кейин иш бермагани ҳам бор.

Шунинг учун, бунинг ҳамма мезонлари ишлаб чиқилгач, 2023 йилда бошланади», деди вазир.

Маълумот учун, Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида давлат улушининг 51 фоиздан кам бўлмаган қисмини сақлаб қолган ҳолда айрим давлат ОТМни (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, уларда корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Мавзуга оид