Жамият | 21:17 / 17.06.2022
22930
3 дақиқада ўқилади

Онкогематология маркази – ҳадик ва умидлар маскани. Президент ташрифларидан сўнг нималар ўзгармоқда?

Пойтахтдаги онкогематология маркази ҳамиша беморлар билан тўла бўлади. Ичкарида ҳаёт учун курашаётган бемор болажонлар, ташқарида эса фарзандининг соғлигига оид бир мужда кутаётган ота-оналар кўзда ёш билан ҳар дақиқани ўтказадилар. Оққон шундай мураккаб касалликки, унга чалинганлардан улкан ирода, атрофдагилардан сабот ва матонат, давлатдан эса зарур шароит ҳамда катта маблағ талаб қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу марказга тез-тез ташриф буюради ва ҳар сафар беморлар, айниқса болажонлар билан учрашади, суҳбат қуради. Уларнинг кўнглини кўтариш, ҳаётга курашувчанлигини ошириш учун далда ва ваъдалар беради, ҳаммаси ортда қолишига ишонтириб қайтади.

Бутун мамлакат бўйлаб келадиган беморларга хизмат кўрсатувчи бу марказ яқинда янги биноларга кўчиб ўтди ва янгича шароитда ишлай бошлади. Қатортол кўчаси яқинида, аҳоли яшаш мавзелари ичидаги олдинги шифохона бугунги кун талабига жавоб бермай қолганди. Фидойи шифокорлар ва сабрли беморлар ўша эски шифохонада ҳам касалликка қарши астойдил курашиб келишган, ёзда иссиқ, қишда совуқ ва тор палаталарда сиқилиб қолишганди. Президентнинг аввалги ташрифидан сўнг барча беморларни янги марказга кўчиришга қарор қилинди. Чилонзор туманидаги Арнасой кўчасида барча қулайликларга эга замонавий марказ фойдаланишга топширилди.

Беморлар учун нафақат чиройли бинолар, балки зарур егуликлар ва дори-дармон таъминоти бутунлай қайта кўриб чиқилди. Энг муҳими – малакали тиббий хизмат янги босқичга олиб чиқилди.

Қуйидаги рақамлар ўзгаришларнинг аниқ ифодаси бўла олади:

  • Марказнинг 85 ўринли сиғими 160 ўринга оширилди;
  • Олдин 15 метр/квадрат майдонда 3-4 нафар бемор парваришланган бўлса, ҳозир бир бемор ва ота-оналардан бири учун шунча майдон қатъий белгилаб қўйилди;
  • Ҳар бир палата совутиш ва иситиш тизими, музлаткич ҳамда телевизор каби бирламчи жиҳозлар билан таъминланди;
  • Суткалик уч маҳал овқатланиш беш маҳалга ўтказилди ва ота-оналар ҳам егуликлар билан таъминлана бошланди;
  • 10 млрд сўмлик асбоб-ускуналар харид қилинди, 26 турдаги ташхислаш усуллари жорий қилинди, 18 та даволаш протоколлари жаҳон талаблари даражасига кўтарилди;
  • Марказ қошида болалар боғчаси ва мактаб иш бошлади, ота-оналар учун тураржой қурилишига киришилди.

Янада тўлиқроқ маълумотни расмийлар тақдим этган инфографикаларда кўриш мумкин:

Бундан ташқари хорижий давлатлар билан илмий ҳамкорлик жонлантирилди, доимий мулоқот учун шароит яратилди, чет эллик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ва фаолияти йўлга қўйилди.

17 июндаги ташриф давомида президентнинг ота-оналар ва болалар билан суҳбатларидаги кайфият олдингисидан фарқ қилиши сезилиб турди, чунки қатор режалар амалга оширилган ва янгилари устида ишланмоқда.

Kun.uz сайти уюштирган хайрияларнинг салмоқли қисми ҳам айнан оққонга чалинган беморларга қаратилган. Бугун улар давлатнинг эътиборини ва ғамхўрлигини ҳис қилиши бу мураккаб касалликка қарши курашишда жуда муҳим.

Аброр Зоҳидов

 

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид