Ўзбекистон | 11:51 / 17.06.2022
10510
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган корхона аниқланди

Оҳак пишириш корхонаси табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат манфаатларига 3,5 миллиард сўм зарар етказган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали мутахассислари билан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда, тумандаги “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода фуқаро С.Х. табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб, 4 дона оҳак пиширишга мўлжалланган қўлбола ясалган печларга 10 дона ностандарт газ ёндиргичларини ўзбошимчалик билан ўрнатиб ишлатгани натижасида, умумий даъво муддатидан келиб чиққан ҳолда давлат ва жамият манфаатларига 3,5 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда уч ойда 28 миллион куб метрдан ошиқ табиий газ ноқонуний ишлатилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид