Жаҳон | 20:05 / 17.06.2022
11307
2 дақиқада ўқилади

WikiLeaks асосчиси Буюк Британиядан АҚШга экстрадиция қилиш маъқулланди. Уни 175 йиллик қамоқ жазоси кутмоқда

Қайд этилишича, АҚШ прокуратураси ва Ғарб махсус хизматлари Ассанжни давлатнинг хавфли душмани деб ҳисоблайди.

Фото: AP

Буюк Британия ички ишлар вазири Прити Пател WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг АҚШга экстрадиция қилинишини маъқуллади. АҚШда Ассанж 175 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

WikiLeaks ушбу қарор устидан шикоят қилишини билдирди.

«Матбуот эркинлиги ва Британия демократияси учун қора кун», — дейилади ташкилот хабарида.

Дастлаб Британия суди Ассанж АҚШдаги қатъий режимли қамоқхонада ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги туфайли уни экстрадиция қилиш мумкин эмаслигини билдирганди. 

Аммо ўтган йил декабрида суд АҚШнинг апелляциясини қаноатлантирди. Суд қарорида айтилишича, Вашингтон WikiLeaks асосчисини қатъий режимдаги қамоқхонада сақламасликка ваъда берган ҳамда суд уни айбдор деб топса, у жазони Австралияда ўташи мумкинлигини билдирган. 

Ички ишлар вазирининг қарори ўн йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган суд иши тугашини англатмайди ва яна кўплаб ойлар давом этиши мумкин, деб ёзади Reuters. У Лондон юқори судига апелляцияси бериши ёки ишни қироллик Олий судига оширишга уриниб кўриши мумкин. Бироқ апелляция рад этилса, Ассанж 28 кун ичида экстрадиция қилинади.

Ассанж WikiLeaks сайти асочиси бўлиб, сайтда мамлакатлар ва корпорацияларнинг ноқонуний ишлари тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган. Жумладан, сайт АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий кампанияларига оид маълумотларни жойлаштирган. АҚШда Ассанжга нисбатан 18та айблов эълон қилинган.

АҚШ прокуратураси ва Ғарб махсус хизматлари Ассанжни давлатнинг хавфли душмани деб ҳисоблайди, деб ёзади Reuters.

Жулиан Ассанж 2012-2019 йилларда Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яширинган, аммо кейинчалик у бошпанадан маҳрум этилган ва Лондон полицияси Ассанжни қўлга олган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид