Ўзбекистон | 07:07 / 20.06.2022
82496
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги уйда икки боланинг жасади топилди. Қотилликда аёл киши гумонланмоқда

Андижонда 3 ва 8 ёшли бола қасддан ўлдирилиш ҳолати бўйича қидирув эълон қилинди. Қотилликда гумонланган аёл етти ойлик ҳомиладор бўлган.

Вилоят прокуратурасининг қайд этишича, Андижон шаҳар Зафар кўчаси 4-уйда яшаб келган вояга етмаган С.Ў. ва Р.Ў.нинг жасади яшаш хонадонидан қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

“Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилмоқда” – дейилади муносабатда.

Ижтимоий тармоқларда эса мазкур қотилликда гумонланиб қидирувга берилган аёл тўғрисида хабарнома тарқалди.

Хабарномада мазкур қотилликда Избоскан тумани, “Майғир” ҚФЙ, Усмонхўжаев кўчасида яшовчи фуқаро, 1995 йилда туғилган Ё. Д. қидирилаётгани қайд этилган.

Қидирувдаги шахснинг алоҳида белгилари: қорнининг паст қисмида жарроҳлик операциясидан чандиқ қолган, ўнг лабининг тепа қисмида холи бор ва қорни чиққан бўлиб етти ойлик ҳомиладор.

Тергов ҳаракатлари шахсан вилоят прокурори томонидан назоратга олинган.

Абдували Қурбонов
Тайёрлаган Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид