Ўзбекистон | 13:36 / 20.06.2022
11535
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимнинг халқ депутатлари кенгашига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоида конституциядан чиқарилади

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг сўзларига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколатини ажратиш. 

“Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайди.

Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман. 

Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади.

Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Биз халқ вакиллик органлари ваколатларини бундан буён ҳам янада кенгайтириш йўлидан борамиз", деди давлат раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид