Швеция ва Финландия НАТОга кирмоқда. Энди - расман
Чоршанба куни Мадриддаги НАТО саммитида Швеция ва Финландия альянсга аъзо бўлиш учун расмий таклиф олди. Туркия барча эътирозларини қайтариб олган ва энди иш фақат аъзо давлатлар парламентларида қолган - аммо уларнинг барчаси янги аъзоларни маъқуллашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.
«Финландия ва Швециянинг қўшилиши [альянс аъзолари] хавфсизлигини оширади, НАТОни кучайтиради ва Евроатлантика регионини янада хавфсизроқ қилади», - дейилган НАТОнинг янги стратегик концепцияси тавсифланган баёнотида.
Сешанба куни Мадриддаги музокаралардан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Финландия ва Швеция раҳбарлари билан скандинав давлатларининг иттифоққа киришини секинлаштириши мумкин бўлган даъволарини бекор қилувчи қатор хавфсизлик чораларини келишиб олди.
Мадриддаги учрашув арафасида Туркия томони икки скандинав давлати ҳамда АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказиб, Швеция ва Финландияга ўз талабларини хат кўринишида тақдим этганди, Анқара икки янги аъзонинг НАТОга қабул қилиниши учун ушбу шартлари бажарилишини талаб қилиб келаётганди.
Финландия президенти Саули Ниинистё саммитнинг илк кунидаёқ муваффақиятга эришилганини айтди - уч давлат томонларнинг қайси бирининг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қўшма меморандумни имзолади.
Анқаранинг Шимолий Атлантика альянси бўйича бўлажак ҳамкорларига эътирозлари қаторида Туркия террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси қўллаб-қувватланиши масаласи ҳам бор эди.
Альянс бош котиби Йенс Столтенберг келишув доирасида Анқара Швеция ва Финландиядан Истанбул томонидан терроризмда айбланган мигрантларни Туркияга экстрадиция қилиш тўғрисидаги ваъдани олганини айтди. Столтенбергнинг ўзи ҳам баёнотида Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилот деб атаган.
Бундан ташқари, Анқара замонавий қуроллар етказиб беришга қўйилган чекловлар бекор қилинишини талаб қилган - эмбарго Туркия ҳарбийлари Сурияга бостириб кирганидан кейин ва Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сотиб олингани туфайли жорий этилганди.
Туркия ҳукумати вакиллари расмий изоҳларида Швеция ва Финландия билан музокараларда «ўзлари истаганини олишгани»ни қайд этишган.
Энди шведлар ва финнларнинг аризалари аъзо давлатлар парламентлари томонидан маъқулланиши керак ва бу жараён маълум вақтни олади. Аммо таҳлилчилар буёғига қандайдир сюрпризлар бўлишини кутишмаяпти.
Россия чегаралари яқинида
Амалда ҳар икки давлат учун ҳам кўп нарса ўзгармайди: Швеция ҳам, Финландия ҳам 1994 йилдаёқ НАТОнинг расмий ҳамкорларига айланишган, ўтган вақт мобайнида альянс армиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келишган ҳамда унинг барча техник ва институционал талабларига жавоб беради.
Асосий ўзгариш - бу Шимолий Атлантика шартномасининг бешинчи моддаси бўйича, унда НАТОнинг бирор давлатига ҳужум бутун иттифоққа ҳужум сифатида кўрилади ва барча ҳужумга учраган давлатга ёрдамга отланади.
«Президент Путинга энг муҳим сигналлардан бири... у НАТОнинг ҳар қандай кенгайишига қарши эди. У НАТО кичикроқ бўлишини хоҳлаганди. Энди президент ўз чегараларида янада каттароқ НАТОни кўради», - деган Столтенберг сешанба куни кечқурун берган баёнотида.
Унинг сўзларига эътироз билдириш қийин: Финландия ва Россиянинг қуруқлик орқали чегараси 1300 километрни ташкил этади. Қолаверса, Россиянинг қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталари базалари ва Шимолий флот базалари айнан Финландия билан чегарадош ҳудудлар бўйлаб жойлашган.
Бундан ташқари, ушбу базалар таъминоти биргина темирйўл ва битта автомобил йўли орқали амалга оширилади, бу йўллар Ладога кўлидан шимолдан бошланади - бу эса назарий жиҳатдан альянс кучлари ярим минг километр узунликдаги бу таъминот линиясини исталган жойдан кесиб қўйиши мумкинлигини англатади.
Иккинчи нафас
Россиянинг Украинага бостириб кириши 1949 йилда советлар таҳдидидан ҳимояланиш учун асос солинган Шимолий Атлантика келишуви ташкилотига янги импульс берди.
Афғонистондаги муваффақиятсизлик ва АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп давридаги ички келишмовчиликлардан кейин, Франция президенти Эммануэл Макроннинг НАТОнинг «мияси ўлаётгани» тўғрисидаги даъвоси ва Хитойнинг ўсиб бораётган амбицияларидан кейин Россия босқини, афтидан турғунлашган альянс оёқлари остига ерни қайтарган.
Бу янги динамикани қайд этиш учун, Мадриддаги саммитга альянс аъзоси бўлмаган давлатлар - Австралия, Янги Зеландия, Япония ва Жанубий Корея давлатлари раҳбарлари ҳам таклиф этилди.
НАТО Хитой ва Россияга қарши туриш учун ушбу давлатлар билан янада қалин муносабатлар ўрнатишга интилмоқда. Ўз навбатида, Москва ва Пекин феврал ойидаёқ қўшма баёнот бериб, НАТОнинг Европада кенгайишини халқаро таҳдид учун таҳдид деб атаганди.
«Россиянинг Украинага босқини дунёнинг қатъияти кучли ва қатъий демократик давлатларини янада жипслаштирди. Ва мен ишонаманки, бу ҳал қилувчи рол ўйнайди», деган Австралия бош вазири Энтони Албанезе саммит доирасида таҳлилий марказда ўтказилган тадбирда.
Россия ва Хитой
Иттифоқчилар НАТОнинг сўнгги ўн йилликдаги янги стратегик концепцияси бўйича келишиб олиши керак - бу альянс режаларини акс эттирувчи асосий ҳужжат. Кўриниб турибдики, унда Россияга катта эътибор қаратилган.
«Россиянинг Украинага бостириб кириши ғарбча турмуш тарзимизга тўғридан тўғри таҳдид», дея қўшимча қилди Бельгия бош вазири Александр Де Кроо ва урушнинг энергия ва озиқ-овқат нархлари ошишига олиб келган кенг кўламли оқибатларини ёдга олиб.
Ҳужжат лойиҳасида, шунингдек, Хитой биринчи марта қарши томон сифатида тилга олинади ва Пекин хайрихоҳ савдо шеригидан тез ўсиб бораётган рақобатчига айлангани туфайли иттифоқчилар ҳаракатлар режаси ишлаб чиқишига зарурат юзага келгани айтилади.
Альянс етакчилари Россиядан фарқли ўлароқ Хитой душман саналмаслигини маълум қилишган.
Саммитда қуроллар ва молиявий ёрдам учун ваъда қилинган миллиардлаб долларлардан ташқари Украинага узоқ муддатли ёрдам пакети бўйича ҳам келишиб олиниши керак.
Ғарб альянси АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Канада каби йирик иттифоқчилар биринчи навбатда Болтиқбўйи давлатларига қурол-яроғ ва техникалар жўнатиб, ҳарбий машғулотларни фаоллаштириши бўйича ҳам келишиб олмоқчи.
НАТО тезкор ҳаракатланиш кучлари сонини 40 мингдан 300 мингга оширмоқчи, бундай кучлар можаро юзага келган ҳолатларда ҳудудларга жўнатиш учун тайёр туради.
Мавзуга оид
08:30 / 23.11.2024
Болтиқбўйи давлатлари НАТОдаги иттифоқчиларини Киевга ёрдамни кучайтиришга чақирди
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
14:29 / 13.11.2024
Финландия Тимченко ва Ротенбергнинг ҳоккей аренасини мусодара қилади
20:43 / 12.11.2024