Ўзбекистон | 08:43 / 30.06.2022
14192
2 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида янги бошқарма ташкил этилди

Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди.

Фото: Kun.uz

Маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм, гуманитар алоқалар соҳаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, янги бўлинма Ўзбекистоннинг белгиланган йўналишлар бўйича ташқи сиёсий вазифаларини амалга ошириш, цивилизациялар глобал мулоқотида Ўзбекистон фаол позициясини таъминлаш ва Ўзбекистон ижобий имижини илгари суришда мувофиқлаштирувчи ўрин тутади. 

Хорижий музей фондлари, архивлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон миллий маданий ва илмий меросларини излаб топиш, қайтариш, шу жумладан асл нусхалар дубликатларини олиш орқали қайтаришда иштирок этади. 

Шунингдек, бошқарма ўзбек тили, маданияти, тарихи, адабиётини хорижда ўрганиш ва тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади. 

Бошқарма ваколатига кирувчи йўналишлар бўйича талабалар ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради.

Янги бошқарма фаолиятида «юмшоқ куч», халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади.

2022 йил 1 июлдан вазир маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдуҳалимов бир вақтнинг ўзида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси бошқарма бошлиғи этиб тайинланди.

Мавзуга оид