Ўзбекистон | 15:16 / 06.07.2022
22942
8 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ерларининг ижара ҳуқуқини бозор активига айлантириш таклиф қилинди

“Таклифим – ердан фойдаланиш ҳуқуқини “оборот”га киритиш. Фермер ерни 49 йилга ижарага олдими, икки йилдан кейин қолган 47 йилни аукцион орқали ёки тўғридан тўғри шартнома тузиб, бошқа фермерга ўтказиш имконияти бўлиш керак”, деди USAID'нинг агробизнес соҳаси мутахассиси Мансуржон Расулев.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, экинзорлар унумдорлиги ва фермерлар манфаатдорлигини ошириш учун ердан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқини олди-сотди қилишга рухсат бериш лозим, деган таклифни илгари сурди USAID'нинг агробизнес соҳаси мутахассиси Мансуржон Расулев.

Расулев бу ҳақда 30 июн куни Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеясида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги асосий муаммо бу – ердан фойдаланиш ҳуқуқи хўжалик айланмадан чиқарилгани.

“Масалан, сиз ерни 49 йилга ижарага олдингиз. Унинг, албатта, иқтисодий қиймати бор: сиз 49 йил давомида ундан фойдаланиб, даромад олишингиз мумкин.

Аммо, дейлик, икки йилдан кейин йўналишингизни, ихтисосингизни ўзгартирмоқчисиз, мисол учун, тўйхона очмоқчисиз. Мана шу 49 йилга олган ерингизни сиз икки йилдан кейин қолган 47 йилини ликвид актив сифатида ишлата олмайсиз. Чунки шу топда сиз учун иккита йўл бор: ўз фаолиятингизни давом эттирасиз ёки ариза ёзиб, ерни ҳокимиятга қайтариб берасиз.

Айнан шунинг натижасида кўп фермерларимиз ҳозир ерни шунчаки ушлаб ўтирибди: сармоя киритмаяпти, самарадорликни ошираётгани йўқ, техника олаётгани йўқ, малакасини ошираётгани йўқ. Нега? Чунки фақат иккита йўл бор: ариза ёзиб ерни текинга бериб юбориш керак ёки ҳар йили деҳқонга субарендага бериб пул топиш. Албатта, иккинчиси яхши.

Шунинг учун таклифим – ердан фойдаланиш ҳуқуқини “оборот”га киритиш. Фермер 49 йилга олдими ерни, икки йилдан кейин ўша 47 йилни аукцион орқали бўладими ёки тўғридан тўғри шартнома тузибми, бошқа фермерга ўтказиш имконияти бўлиш керак. Шунда бу актив бўлади.

Мисол учун, мен телефон сотиб олдим ва эртага бу телефонимни сотиб юбормоқчиман. Кимдир телефонимга 100 доллар беришга тайёр. Сота олсам, демак, телефоним ликвид актив, сота олмасам – йўқ.

Қишлоқ хўжалигимиздаги асосий молиявий масалалардан бири – кредит олиш. Нима учун ҳозирги пайтда банклар ердан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қабул қилмайди? Чунки эртага, мисол учун, фермер банкрот бўладиган бўлса, банк нима қилади бу ерни: сота олмаса, бозор қиймати бўлмаса? Тўғри, норматив қиймати бор ва бу қийматни бозор қийматига яқинлаштиришга ҳаракат қилинган, лекин табиийки, бозор қиймати билан норматив қийматнинг фарқи бор. Квартира сотаётганингизда сиз уни кадастр қийматида сотмайсиз, бозор нархи бўйича сотасиз. Бозорда сотиладиган молнинг бозор нархи чиқади. Бу ўша молнинг хўжалик айланмасида бўлганининг натижаси.

Бирқанча фермерлар ерни на бериб юборгиси келмаса-да, на ўзи ишлатмасдан ўтиришига асосий сабаб, улар қанчадир пулини ерга тикиб қўйган, бериб юборгиси келмаяпти, пайтини кутяпти. Шунчаки, ҳар йили деҳқонларга ижарага бериб, сармоя киритмасдан, нақд пул топишяпти, шу учун ушлаб ўтиришипти”, – дейди у.

USAID вакилининг таъкидланишича, истаймизми-йўқми, ер ижарасининг қора бозори бўлиб келган.

“Мисол учун, мен бир вилоятга бораман ва қайсидир фермернинг ери менга ёқди. Бориб биринчи навбатда фермер билан келишаман. Гектарига мана шунча минг доллардан беришга тайёрман деб айтаман. Кўнса, ҳокимият билан келишаман, “ташаккур” сифатида ҳокимга пул бераман ва ер меники – фермер бориб ҳокимга ариза ёзади, ерни ҳокимиятга ўтказади, ҳокимият кейин менинг номимга ўтказади. Шундай бўлиб келган.

Фермер кўнмаса, яна ўша ҳокимнинг олдига бораман – у менга ўша ерни фермердан тортиб олиб бўлса-да олиб беради. Мўмай “даромад”ку бу ахир.

Ижара ҳуқуқини айланмадан чиқариб юборганимиз учун бунақа олди-сотдини солиққа ҳам торта олмаганмиз, хабаримиз ҳам бўлмаган улардан. Шунинг учун биз мазкур – шундоғам юз бераётган келишувларни қонунийлаштиришимиз керак. Коррупциоген факторни яратмаслигимиз керак.

Бунинг учун биз қишлоқ хўжалик ерларини баҳолашнинг миллий стандартини киритишимиз керак. (Ҳозирда бошқача, мен назарда тутаётган стандартдан бошқачаси қўлланилади). Мана шу стандартлар бўйича ернинг бозор қиймати аниқланади. Бирламчи ер ажратилаётганда 15 фоиз камроқ нарх белгилаб аукцион қилинади.

Мадомики, танлов киритилган бўлса, аукционга ўтишимиз керак. Биринчи марта олаётганда аукционда ким кўп пул тўлашга тайёр бўладиган бўлса, тўлайди ва ерни олади. 2-3 йилга мораторий қўйилади, яъни бирданига олди-сотди қилмаслиги учун. 3 йилдан кейин унга ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиб, аукцион орқали бошқа шахсга ўтказиш имконияти берилади.

2-3 йил давомида ердан фойдаланмаётган бўлса-чи? Ҳозирда ерни олиб қўйиш бўйича бизда аниқ критерийлар йўқ. Ер кодексида бор, янги таҳрирга ҳам адашмасам шу норма киритиляпти – фермер ер деградациясига йўқ қўймаслиги керак деган норма.

Лекин биламизки, қурғоқчилик... Биламизки, ҳозирги кунда айниқса пахта ва ғалла етиштириладиган майдонларда пестицидлар, кимё жуда кўп ишлатиляпти. Алмашлаб экишларга йўл қўйилмаяпти, ер дам олмаяпти. Табиийки, фермер минг ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, ернинг унумдорлиги пасайиб кетяпти. Тупроқларнинг шўрланиши бор. Шу нарсалар ундан ерни олиб қўйишга баҳона бўляпти.

Эртага фермерлар кенгаши бўладими ёки туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўладими, улар бориб, кўриб, “мана, балл камайди” деб хулоса беради. Ўша хулоса асосида ҳоким қарорими ёки суд қарори асосида ижара ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин. Ижара ҳуқуқни аукционда сотиб олган бўлса ҳам. Ер яна эгасиз қолади.

Таклифим – Ер кодекси ва ундан келадиган қонуности актларига субъектив факторларни киритишни йўқ қилиш ва фақат объектив факторларни киритиш. Мисол учун, фермер 3 йил давомида шу ердан фойдаланмаяпти, бу объектив фактор бўлади: сиз ҳам кўриб турибсиз, мен ҳам кўряпман – у ерга ҳеч нарса экмаяпти. Бекор қилинади. Қайтадан аукционга киритилади. Суд орқали”, – дея тушунтирди Мансуржон Расулев.

Мутахассис бу борада халқаро тажриба қандайлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Халқаро тажриба ҳақида гапирадиган бўлсак, тажриба ҳар хил, хоҳлаганингиздан топишингиз мумкин. Гап механизмнинг архитектурасида эмас, амалга оширишда.

Бизда давлат дастури бор, 200 минг гектар ер пахтадан озод этилиб, танлов орқали ажратиляпти. Ҳокимият балансига ер қанақа қилиб кириб келяпти, деган саволнинг туғилиши табиий. Шу 200 минг гектар ер фермернинг ери бўлган-ку? У ҳам ерни ижара ҳуқуқи асосида 49 йилга олган. Жавоб шуки, унумдорлиги ёки ҳосилдорлиги паст бўлгани учун ер участкаларини ҳокимият балансига олиб, кейин кенгаш орқали, “гипрозем” орқали янги контурлар яратилиб, ижара, кейин аукцион тизимига қўйиляпти.

Ҳокимлардан ваколат олиб қўйилсин, деб фармон чиққан, қарорларга кетган, лекин маҳаллий бошқарув органларнинг ҳаммаси ҳокимга бўйсунади. Ҳоким ерни олиб қўйишни мақсад қилса, масалан, сувчига “команда” беради, “мана шу фермерга сув бермагин” дейди. У сувсиз қоладиган бўлса, экин эколмайди, “унумдорлик пасайишига йўл қўйди” деб эртага ундан ерни олиб қўйиш мумкин.

Шунинг учун таклиф – аниқ, объектив критерийлар бўлиши керак, субъектив эмас”, – деди Мансуржон Расулев.

Мавзуга оид