Абэнинг ўлдирилиши: гумонланувчи нима дейди ва черковнинг бунга қандай алоқаси бор?
Японияда ўтган ҳафта ўлдирилган собиқ бош вазир Синдзо Абэ билан видолашув маросими ўтказилмоқда. Айни пайтда матбуотда суиқасд сабаблари ва унда гумон қилинаётган шахс ҳақида тобора кўп маълумотлар пайдо бўляпти. Абэни отган 41 ёшли Тецуя Ямагами бош вазирни диний сектани қўллаб-қувватлаганликда айблаган. Унинг онаси ушбу сектага аъзо бўлган ва тўплаган пулларини берганди.
Қайси диний секта ҳақида гап кетаётгани расман очиқланмаган бўлса-да, Ямагамининг онаси «Бирлаштириш черкови» ёки Мун тариқатига аъзо бўлгани маълум. Ушбу сектага 1954 йилда ашаддий антикоммунист, ўзини масиҳ деб эълон қилган кореялик Сон Мён Мун томонидан асос солинган.
Абэ жума куни эрталаб Нара шаҳридаги темирйўл вокзалида нутқ сўзлаётганда отиб ўлдирилди. Гумонланувчи Тецуя Ямагами унга қўлбола милтиқдан ўқ узди. Суиқасддан сўнг у дарҳол ушланди ва полицияга қандайдир диний сектадан норозилиги туфайли қотилликка қўл урганини айтди.
Ямагами терговчиларга дастлаб диний секта раҳбарини, ундан кейин эса ушбу черковни Японияда тарғиб қилган Абэни ўлдирмоқчи бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, онаси 20 йил олдин ташкилотга катта миқдордаги маблағни хайрия қилган, бу эса оиланинг молиявий аҳволига путур етказган ва унинг банкрот бўлишига олиб келган.
Жаҳон тинчлик ва бирлашиш учун оила федерацияси («Бирлаштириш черкови» ёки Мун тариқати) Япония бўлими президенти Томихиро Танаканинг сўзларига кўра, гумонланувчининг онаси диний йиғилишларда ҳар ойда бир марта қатнашиб келган. У биринчи марта черковга 1998 йилда қўшилган. 2009 йилдан 2017 йилгача алоқани узган, аммо 2-3 йил олдин тариқатга қайтган. Сўнгги ярим йилда эса черковга мунтазам қатнаган.
Танака тергов жараёни давом этаётганини рўкач қилиб, Ямагамининг онаси қандайдир эҳсон қилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, черков аёлнинг молиявий аҳволи оғирлигини қотиллик содир бўлганидан кейин билган. Бу қийинчиликларнинг сабабларини билмаслигини айтган.
Бирлаштириш черкови нима?
Бирлаштириш черкови Жанубий Кореяда ташкил этилган бўлиб, баъзи нарсалар қатори, бир вақтнинг ўзида минглаб жуфтликларнинг никоҳ маросимини ўтказиши билан оммага танилган.
Черков танқидчилари уни секта деб аташади ва ташкилот асосчилари муридлар ҳисобига молиявий фойда кўриб келаётганини таъкидлашади. Черков раҳбарияти бу каби айбловларни рад этади ва диний ҳаракатнинг қонуний эканини таъкидлайди.
Бирлаштириш черкови: баъзи фактлар
- Сон Мён Мун 1920 йилда ҳозирда КХДР ҳудудида жойлашган Чонжу шаҳрида туғилган. У 2012 йилда вафот этган;
- 1954 йилда Мун Бирлаштириш черковига асос солган, «ерда Худонинг салтанатини барпо этиш» ҳақида шахсан Исо Масиҳдан топшириқ олганини таъкидлаган;
- Унинг издошлари кўпинча «мунчилар» деб аталади, аммо улар бу атамани тан олмайди. Черков асосчиси ва унинг рафиқаси муридлар томонидан «чин ота-она» деб номланган;
- ОАВ ва аҳолининг эътиборига мунтазам равишда тушиб келаётган оммавий тўйлар черков томонидан 30 йилдан бери ўтказилмоқда;
- Бирлаштирув черкови бир қатор нашрлар, фабрикалар, савдо компаниялари ва хусусий таълим муассасаларига эга бўлиб, тижорат фаолияти билан шуғулланади;
- 1984 йилда Мун солиқ тўламагани учун АҚШда бир ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, тарафдорларининг оммавий норозилик намойишлари туфайли, 11 ой ўтиб озод қилинган.
- 2006 йилда у Жанубий Кореяга қайтиб, черков ва бизнесни ўз фарзандларига топширди.
Синдзо Абэ Бирлаштириш черкови билан боғланганми?
Томихиро Танаканинг сўзларига кўра, Абэ ҳам, унинг қотиллиги учун ҳибсга олинган одам ҳам черков аъзоси бўлмаган. Аммо ташкилотнинг Япония бўлими раҳбари собиқ бош вазир черков тадбирларига табрик сўзлари юбориб тургани ва черков томонидан илгари сурилаётган глобал тинчлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаганини тасдиқлайди.
Мисол учун, черков веб-сайтида маълум қилинишича, ўтган йилнинг сентябрида Абэ Бирлаштириш черковига алоқадор компания томонидан ўтказилган тадбирда иштирок этиб, нутқ сўзлаган ва Корея яриморолида тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлаган.
Черков асосчиси Сон Мён Мун кўплаб япон сиёсатчилари билан таниш бўлган ва 1960-йиллар охирида «Халқаро коммунизм устидан ғалаба федерацияси» таклифига биноан Японияда нутқ сўзлаган. Ўша йиғилишда Синдзо Абэнинг бобоси Нобусукэ Киси фахрий раислик қилган (у 1957 йилдан 1960 йилгача Япония бош вазири бўлган).
Бироқ, экспертларнинг фикрича, Абэнинг Бирлаштириш черкови билан алоқалари анча заиф эди. Ушбу ташкилотнинг таниқли тадқиқотчиси, Ҳоккайдо университети профессори Ёсиҳиде Сакурай собиқ бош вазирнинг нутқини «сайловда овоз тўплаш учун сиёсатчи қиладиган оддий иш» деб таърифлайди.
Япония сиёсати бўйича яна бир эксперт, Шимолий Каролина университетидан Леви Маклоклин сўзларига кўра, Бирлаштириш черкови Абэнинг Либерал-демократик партияси қўллаб-қувватлашини умид қилаётган кўплаб диний ташкилотлардан бири холос. «Бунда ғайриоддий нарса йўқ ва бу черков ягона эмас эди», дейди олим.
Гумонланувчининг онаси ҳақида нима маълум
Тецуя Ямагамининг онаси Ҳонсю оролидаги Нара шаҳрида, ўғли Абэни отган жойдан бир бекат узоқликда жойлашган уйда яшайди. Ҳозир унинг қаерда экани номаълум. Уйи олдида 2 нафар полициячи мунтазам навбатчилик қилмоқда.
Нара полицияси хабарига кўра, Бирлаштириш черковига тегишли маҳаллий бинодан ўқ излари топилган. Тецуя Ямагами Абэга суиқасддан бир кун олдин у ерда қурол отиш бўйича машқ қилганини айтган.
Синдзо Абэ билан қандай хайрлашишмоқда?
Токио марказидаги буддистларнинг қадимий ибодатхонаси Дзодзёдзида Абэ учун оилавий маърака тадбири ўтказилмоқда. Японияликлар кун бўйи ибодатхона олдига бориб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришмоқда.
Собиқ бош вазир 12 июл куни ўзи туғилиб ўсган Ямагучи префектурасидаги Симоносеки шаҳрида дафн этилади. Дафн маросимида фақат Абэнинг яқинлари иштирок этади.
Мавзуга оид
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024