Ўзбекистон | 09:15 / 13.07.2022
32839
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда катта тезликда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир синглиси ва унинг дугонаси ҳаётига зомин бўлди

Қизлардан бири воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этган.

Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 8 июл куни Самарқанд тумани “Чақа” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4H-495V маҳаллий автомобил йўлининг 2-километрида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Самарқанд туманида яшовчи 17 ёшли М.Х. Cobalt машинаси билан Қайнама-Захлик йўналишида кетаётиб бошқарувни йўқотган ва машина йўл четига ағдарилиб кетган.

Оқибатда, машинада йўловчи сифатида кетаётган, ҳайдовчининг синглиси Ж.Х. ҳодиса жойида вафот этган. Яна икки нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, яна бир қиз Р.И. шифохонада вафот этган.

Дастлабки суриштирувларда аниқланишича, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ёшига етмаган М.Х. маҳалланинг ички кўчасида машинани жуда катта тезликда бошқарган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Иштихон туманида BMW ағдарилиб кетган ва оқибатда йўловчи вафот этганди.

Мавзуга оид