Жаҳон | 13:34 / 20.07.2022
22008
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг эгаллаб олинган қисмларини аннексия қилишга тайёрланмоқда - АҚШ

Украинанинг босиб олинган ҳудудларига «қўғирчоқ» ҳокимиятларни тайинлаш, у ерда рублни жорий этиш ва Россия паспортларини тарқатиш орқали Москва Украина ҳудудларини аннексия қилиш учун пойдевор қўймоқда, дея ҳисоблайди АҚШ.

Фото: Picture Alliance

Вашингтоннинг фикрича, Россия Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларини аннексия қилиш учун замин тайёрламоқда – уларга ноқонуний «ҳокимият» вакилларини тайинлаш, рублни маҳаллий валюта сифатида жорий этиш ва аҳолини Россия фуқаролигини қабул қилишга мажбурлаш кузатиляпти. Бу ҳақда 19 июль, сешанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди

Унинг таъкидлашича, Москва Украинанинг яқинда эгаллаб олинган ҳудудларида ўзининг аннексияси пайтида Қримда бўлгани каби тактикадан фойдаланмоқда. Хусусан, гап Херсон, Запороже ва бутун Донбасс атрофидаги ҳудудлар ҳақида боряпти. 

Разведка маълумотларига кўра, Россияни аннексия қилиш ҳаракатлари «келишилган ва стратегик» аҳамиятга эга бўлиб бормоқда, бу Москванинг ниятлари ҳақидаги олдинги тахминларни тасдиқлайди, дея таъкидлади Кирби. Бунда, биринчи навбатда, Россия томонидан тайинланган ҳукуматлар сохта референдумлар ўтказади, сўнгра «Россия бу референдумлардан фойдаланиб, суверен Украина ҳудудини қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўради».

Унинг сўзларига кўра, АҚШ иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан биргаликда Кремль томонидан Россия «қўғирчоқ»ларига қарши санкциялар қўллаш орқали Украинанинг янги ҳудудларини аннексия қилишга бўлган ҳар қандай уринишларига «тезкор ва кескин» жавоб беришга тайёр. 

«Биз Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларни ҳеч қачон тан олмаймиз», деди Миллий хавфсизлик кенгаши вакили. 

Мавзуга оид