Жаҳон | 07:52 / 23.07.2022
6631
2 дақиқада ўқилади

Литва темирйўллари Калининградга санкция остидаги товарлар транзитини тиклади

Санкция остидаги товарларни Калининградга темирйўл орқали олиб ўтишга рухсат берилди, Литвадан автомобилда ташиш тақиқланди.

Фото: Picture Alliance

Литва темирйўллари (LTG Cargo) аввалроқ ЕИ санкциялар рўйхатига киритилган юкларнинг Калининград вилоятига транзитини тиклади. Бу ҳақда 22 июль, жума куни LRT Литва миллий радио ва телевидениеси эфирида LTG Cargo компанияси вакили Мантас Дубаускас маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, харидорлар аллақачон хабардор қилинган. Дубаускаснинг қўшимча қилишича, бундай юкларни ташиш учун кодлар текширилади ва назорат тизимига киритилади. 

«Биз тушунтиришлар олдик», деди LTG Cargo вакили. Еврокомиссия 20 июль куни вазиятга ойдинлик киритди: санкция остидаги юкларнинг темирйўл орқали транзитига рухсат берилган, автотранспортда эса тақиқланганлигича қолмоқда. 

Минтақа ҳукумати матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Лисков, ўз навбатида, яқин кунларда Калининград областига 60 вагон цемент жўнатилишини айтди.
Литвада 11 июль куни Евроиттифоққа цемент, спирт ва Россияда ишлаб чиқарилувчи бошқа қатор товарларни олиб киришга тақиқ кучга кирди. Чекловлар, шунингдек, ёғоч ва саноат кимёвий моддаларига ҳам тегишли. 

Литва Ташқи ишлар вазирлиги Калининград области ва РФнинг бошқа ҳудудлари ўртасида қуруқликдаги транзит тўхтатилмагани ёки тўсиб қўйилмаганини таъкидлади. «ЕИ санкцияларига тааллуқли бўлмаган йўловчилар ва юкларнинг транзити давом этмоқда. Литва ушбу транзитга ҳеч қандай бир томонлама, индивидуал ёки қўшимча чекловлар киритмаган», - дейилади ТИВ хабарида. 

ЕИ санкцияларининг тўртинчи тўплами Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавоб тариқасида март ойида киритилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид