Ўзбекистон | 14:17 / 25.07.2022
12722
1 дақиқада ўқилади

Сузиш федерациясида 1 млрд сўм талон-торож қилинган

287 нафар спортчи гўёки меҳмонхонада яшагандек ҳужжатлар қилиниб, 1 млрд сўм талон-торож қилинган, дея маълум қилди Бош прокуратура. Аввалроқ волейбол ва каратэ федерацияларидаги коррупция бўйича ҳам жиноят ишлари очилган эди.

Иллюстратив фото: Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси

Бош прокуратура томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Сузиш федерациясида соҳага ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ўрганилди.

Маҳкама хабарига кўра, ўрганиш давомида федерация мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатига зарар етказгани аниқланган.

Қайд этилишича, терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган фуқаро Россиянинг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга юборилиб, 72 млн сўм бюджет маблағлари асоссиз ишлатилган.

2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи “D” МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса-да, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 млрд сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, шу ойда волейбол ва каратэ федерациялари тизимидаги коррупция ҳолатлари бўйича ҳам жиноят ишлари очилди.

Мавзуга оид