Ўзбекистон | 16:09 / 28.07.2022
35527
3 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунос Конституциявий комиссияни мафкурабозликка берилаётганликда айблади 

Узоққа бормайлик-да, 1-моддани олайлик. Унда жуда қалтис сўзлар пайдо бўлди: “Ўзбекистон – суверен, демократик, ижтимоий, дунёвий ва ҳуқуқий давлат”. Бу ерда фикримча, умуман ортиқча бўлган 3та янги сўз бор, – деди Фарҳод Толипов. 

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Kun.uz’га берган интервьюсида Конституциявий комиссияни конституция ислоҳоти жараёнларида мафкурабозликка берилаётганликда айблади.

Толиповга кўра, у жамоатчиликка тақдим қилинган лойиҳа ва жараёнларни кузатиб, шу хулосага келган.

“Мафкурабозлик ҳатто Конституцияга ҳам киряпти. Буни конституция лойиҳасидаги айрим моддаларда ҳуқуқ ёки сиёсатга эмас, мафкурага хос белгиларда кўришимиз мумкин. Бу эса жамоатчилик фикрини чалғитадиган аҳволга олиб келади. Яъни ҳозир Конституцияга чиройли сўз ва гапларни киритишяпти-ю, керакли моддалар кирмай қолиб кетяпти.

Узоққа бормайлик-да, 1-моддани олайлик. Унда бироз муболаға билан айтганда, жуда қалтис сўзлар пайдо бўлди: “Ўзбекистон – суверен, демократик, ижтимоий, дунёвий ва ҳуқуқий давлат”. Бу ерда фикримча, умуман ортиқча бўлган 3та сўз пайдо бўлди.

“Суверен” ва “демократик” тушунчасини бутун дунёда тушунишади. Бунинг нималигини фан ҳам айтиб турибди. Лекин ижтимоий, дунёвий ва ҳуқуқий сўзлари жуда баҳсли. Хўш, нега биз еттинчи ва саккизинчи сўзларни қўшмаяпмиз, очиқ, гуманитар, адолатли, дея? Бу Конституция учун керак бўлмаган сўзлар.

Ўзингиз ўйланг, “дунёвий” сўзи устида ҳали олимлар ва диншунослар ҳам бир ечимга келгани йўқ. Ёки “ижтимоий давлат” қандай бўлади? Масалан, ижтимоий сиёсат бор. Бунда аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам бериш орқали ижтимоий сиёсат кетаётганини кўрсатиш мумкин. Лекин давлат номини ижтимоий давлат деб номлаш – бу жуда қалтис ҳолат.

Шунингдек, “ҳуқуқий давлат” жумласи ҳам ортиқча. Агар Конституция ва қонунлар ишласа, унинг ўзи ҳуқуқий давлатга айланади-ку.

Мана шу каби чалғитувчи ва мафкуравий сўзлар Конституцияга юк бўляпти. Бу билан бўлажак баҳсларга ҳам замин яратиляпти. Бизга суверен ва демократик тушунчаларининг ўзи етарли эди. Баҳсларга ҳам сабаб бўлмаётганди.

Биз жозибадор, қулоққа ёқувчи ва мафкуравий гаплар билан Конституцияни мураккаблаштиряпмиз. Мана шундай ҳолатлардан эҳтиёт бўлишимиз керак.

Ёки муқаддимага киритилаётган яна бир ўзгаришни олинг. Унга Ўзбекистон 3 минг йиллик тарихга эга давлат, деб ёзишмоқчи. Хўш, муқаддимага бу жумлани қўшишнинг нима кераги бор эди?

Бунда масалан, тарихчилар орасида ўзбекларнинг уч минг йиллик тарихи йўқ, деб айтувчилар ҳам топиладими, йўқми? Нима, буларни қўшмасак, конституция конституция бўлмай қоладими? Хуллас, муқаддима ҳам мафкурабозлик билан тўлдириляпти.

Конституцияга сиёсий ва ҳуқуқий тушунчалар кириши керак, мафкуравий эмас. Ахир тарихчилар, олимлар бир тўхтамга келиб улгурмаган тарихга давлат қандай қилиб муҳр қўйиб қўймоқда?

Бундай ёндашувдан эҳтиёт бўлиш керак”, – деди Фарҳод Толипов.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид