Зеленскийни Коломойскийнинг одами дейишганди. Энди президент олигархни фуқароликдан маҳрум қилиши мумкин
Ўтган ҳафтада Олий Рада депутати Сергей Власенко Украина президенти Володимир Зеленскийнинг гўё бир қатор шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиши тўғрисидаги фармони сканерини эълон қилди. Ушбу рўйхатда олигарх Игор Коломойскийнинг борлиги сенсация бўлди.
Ҳозирча Украина расмийлари бундай фармон ҳақиқатан ҳам борлиги ёки кимнингдир уйдирмаси экани тўғрисида изоҳ беришмади.
Халқаро Карнеги жамғармаси муаллифи Константин Скоркиннинг фикрига кўра, содир бўлаётган воқеалар Украина ҳокимиятининг энг юқори бўғинида яширин кураш бошланганидан далолат бермоқда.
2019 йилда Зеленский Коломойскийнинг одами сифатида ҳисобланарди, аммо ҳозир президент изчиллик билан Украина сиёсатини олигархлар таъсиридан халос қилиб, шахсий ҳокимиятини оширмоқда.
Власенко томонидан эълон қилинган фармондаги фуқароликдан маҳрум қилиш учун номзодлар рўйхатида фақат учта ном эътиборни тортади.
Биринчиси, халқ депутати Вадим Рабинович. У Виктор Медведчукнинг сафдоши ва суд қарори билан тақиқланган россияпараст «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» партияси раисларидан бири. Уруш арафасида Исроилга жўнаб кетган. Унинг фуқароликдан маҳрум этилишини Россия таъсиридаги мухолифатнинг «яксон қилиниши» сифатида кўриш мумкин.
Иккинчиси, днепрлик нуфузли тадбиркор Геннадий Корбан. У Рабиновичдан фарқли ўлароқ, мамлакатда қолиб, Днепропетровск областининг ҳудудий мудофаасини бошқарганди. У Зеленский аппарати раҳбари Андрей Ермакга ахборот ҳужумлари уюштирганликда гумон қилинмоқда ва президент идораси билан муносабатлари мураккаблашган. Украина журналистларининг тахминига кўра, Корбаннинг қора рўйхатга тушишига АҚШ Конгресси аъзоси Виктория Спартц томонидан Ермакнинг Россия билан алоқаси борликда гумонлангани сабаб бўлган.
Рўйхатдаги учинчи ва асосий шахс: таниқли украиналик олигарх Игор Коломойский (Корбан ҳам унинг ҳамкори бўлган). Бу воқеалар айнан унинг учун уюштирилгандек туюлмоқда.
Уруш бошланганидан кейин Коломойский билан нима содир бўлди?
Россия босқини бошлангач, олигарх ўзини панага олди. 2014 йилги инқироз даврида Игор Коломойский Днепропетровск областини бошқарган ва кўнгилли батальонларга ҳомийлик қилган, бунинг натижасида россияпараст кучларининг Донбассдаги ҳаракатини тўхтатишга ва кенгайиб боришининг олдини олишга эришилганди. Ҳозирги рус босқини бошланганидан буён у ҳеч қандай оммавий баёнотлар бермади. Унинг собиқ сафдошлари, масалан Днепр мэри Борис Филатов олигарх позициясига жуда салбий муносабатда бўлишди. «Игор Валерьевичга (Коломойский) келсак, бу одамнинг қаердалигини билмайман. У қаердадир югурмоқда. Гўё шаҳарда бордек ёки йўқдек», деди Филатов. Мамлакат мудофаасига хайрия қилган йирик тадбиркорлар рўйхатида Коломойский йўқ.
Балки, Коломойскийга 2014 йилги можарода фаол иштирок этгани (ва кейинроқ Володимир Зеленский президентликка сайланишида ҳам) унга Украина сиёсатида етакчи ўринларга чиқиб олишида ёрдам бермагани таъсир қилган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, «Украинская правда» нашри суриштируви Коломойскийнинг Украинада қолганини тасдиқлади, ҳар ҳолда, унинг «Приват» гуруҳига тегишли самолётларнинг ҳеч бири мамлакатни тарк этмаган. Бироқ, бу ерда гап ватанпарварлик туйғусида бўлмаслиги мумкин. Чунки, Коломойский пул ювишда айбланиб, узоқ вақтдан бери ФҚБ тергови остида бўлиб турибди. Агар Украинани тарк этса, ҳибсга олиниши мумкин. Шунингдек, 2021 йилда у коррупционер сифатида АҚШ Давлат департаменти томонидан санкцияга учраган.
Россияда ҳам Коломойскийни фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари кутмоқда. 2014 йилда кўнгилли батальонларни молиялаштиргани учун украиналик олигархга нисбатан жиноий иш очилган ва Басманний суди Тергов қўмитаси талабига биноан уни сиртдан ҳибсга олган. 2021 йилда эса Россияда тадбиркорга қарши яна бир иш очилди, бу сафар иқтисодий айбловлар билан: гўё 2007 йилда у «Татнефть» шуъба корхонасининг Украинадаги филиали мол-мулкини ноқонуний эгаллаб олиб, 10 миллиард рубл миқдорида зарар етказган. Владимир Путин Коломойскийни «муттаҳам» деб атаган.
Охир-оқибат Коломойский тузоққа тушиб қолди. Бундан ташқари, урушнинг ўтган ойларида унинг бизнеси катта йўқотишларга учради. Улардан асосийси – ёнилғи ишлаб чиқариш учун масъул стратегик корхона бўлган Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади (Украина бензин бозорининг 45 фоизи ва дизел ёнилғисининг 15 фоизи). Россия ракета ҳужумидан кейин завод ишни тўхтатди.
Forbes маълумотларига кўра, уруш оқибатида «Приват» гуруҳига етказилган зарар 225 миллион долларни ташкил қилади. Коломойскийнинг шахсий бойлиги бир йилда 1,7 миллиард доллардан 1 миллиард долларга тушиб кетди.
Шунингдек, «Деолигархизация тўғрисидаги қонун» кучга кириши муносабати билан Коломойский сиёсатга ва оммавий ахборот воситаларига таъсири чекланадиган олигархлар рўйхатига тушиб қолиши мумкин (унинг «олигархия цехи»даги ҳамкасби Ринат Ахметов бундай шароитда ўз медиа империясидан бутунлай воз кечишни афзал кўрди).
Зеленский ҳокимият тепасига келганидан сўнг, мухолиф одамлар уни «Коломойскийнинг қўғирчоғи» деб ҳисоблашар эди. Бунда уларнинг муносабати узоқ тарихга эга экани, «1+1» телеканали орқали Зеленский кўп марта қўллаб-қувватлангани кўрсатилди (жумладан, «Халқ хизматчиси» сериали 1+1 телеканалида намойиш этилди, шундан Зеленскийнинг онгли сиёсий тарғиботи бошланди).
Бироқ, бугунги кунда вазият 180 даражага ўзгарди – энди Коломойскийнинг тақдири тўлиғича президент хайрихоҳлигига боғлиқ.
Коломойский ҳақиқатан ҳам фуқароликдан маҳрум этилиши мумкинми ёки бу шунчаки миш-миш?
Коломойскийнинг муаммолари фонида уни фуқароликдан маҳрум қилиш эҳтимоли ҳақидаги миш-мишлар ақл бовар қилмас нарсага ўхшамайди. Илгари ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган – масалан, Петро Порошенко Михаил Саакашвилини фуқароликдан маҳрум қилган. Украинада, Россиядан фарқли ўлароқ, бу президент фармони билан рўй бериши мумкин. Қизиғи шундаки, Порошенконинг қарори сайловлар пайтида Зеленский томонидан кескин танқид қилинган. Ва янги президент илк фармонларидан бири билан аввалги президент қарорини бекор қилган.
Коломойский – Исроил фуқароси. Украинада қўш фуқаролик тақиқланган, аммо унинг мавжудлигини назорат қилиш қийин, шунинг учун баъзилар тақиқни шунчаки четлаб ўтишади. 2008 йилда олигархнинг ўзи иккинчи фуқаролиги борлигини тан олган ва шундай деган эди:
«Бу ҳолатда Украина қонунчилиги ва Конституцияси бир-бирига зиддир ва бундан фойдаланиб қолмаслик учун аҳмоқ бўлиш керак».
Энди мана шунга асосан, у Украина фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкин (шу билан бирга, Исроилнинг ўзида Коломойский ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳам эътиборини тортган бўлиши мумкин).
Тармоқда пайдо бўлган ҳужжат сканерининг ҳақиқийлиги ҳамон тасдиқланмади ёки рад этилмади. Расмийлар фуқароликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳар қандай фармон шахсий маълумотлар борлиги туфайли махфий эканини айтиш билан чекланмоқда. Демак, агар Зеленскийнинг фармони ҳақиқатан ҳам бор бўлса, у расман эълон қилинмайди.
Айни пайтда, рўйхатдаги одамларда аллақачон муаммолар бошланган. Хорижий сафардан Украинага қайтишга уринган Геннадий Корбандан шунчаки паспорти олиб қўйилди. Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Коломойский ва унинг «Приват» гуруҳидаги шериги Геннадий Боголюбовнинг паспортлари давлат миграция хизмати реестрида «ҳақиқий эмас» деб белгиланган.
Бундай радикал ҳаракатлар аллақачон Украина сиёсий маконида ғалаён келтириб чиқарган. Қизиқ томони шундаки, ҳужжат сканери Юлия Тимошенконинг «Баткившчина» партияси вакили бўлган халқ депутати Сергей Власенко томонидан эълон қилинмоқда. Тимошенко ва Коломойский ўртасидаги узоқ йиллик зиддиятли муносабатлар ҳисобга олинса, бу олдиндан режалаштирилган хатти-ҳаракат бўлиши мумкин.
Зеленский эски бизнес шеригидан қутулмоқчими?
Биринчи тахмин шундай. Унга кўра, Зеленский ниҳоятда «салбий» шеригидан халос бўлишни мақсад қилган ва 2019 йилдан бери давом этиб келаётган ҳамкорликка чек қўймоқчи. Бундан ташқари, Коломойскийнинг «яксон қилиниши» америкалик шерикларнинг илтимоси бўлиши мумкин. Украина фуқаролигидан маҳрум бўлган олигархни бемалол АҚШга экстрадиция қилиш мумкин.
Иккинчи тахмин биринчисига зид. Зеленский, аксинча, Коломойскийни «олигархияга қарши қонун»дан қутқариб, панага ўтиб олишга имкон бермоқчи (Украинадаги хорижликларга оммавий ахборот воситаларига эгалик қилиш тақиқланмаган). Бироқ, Адлия вазири Денис Малюска бу миш-мишларни рад этди: олигархлар реестрига кириш учун Украина фуқароси бўлиш шарт эмас.
Ҳозирги урушдан олдин ҳам Зеленский олигархларнинг сиёсатдаги таъсирини чеклаш учун жиддий ҳаракатлар қилган. Ўша пайтда президент жамоаси Украинанинг энг бой одамлари билан узоқ давом этган можарога тайёргарлик кўраётган эди. Уларнинг молиявий ва медиа имкониятлари ҳисобга олинса, можаро натижаси мавҳум бўлиб турганди. Бироқ, урушнинг экстремал шароитлари Зеленскийга содиқ бўлмаган элита гуруҳларини тор-мор этишни осонлаштирди ва унга сиёсий саҳнани бутунлай қайта форматлаш имконини берди.
Шу сабабли, Украинадаги энг нуфузли кишилардан бири фуқаролигини йўқотиши ажабланарли эмас. Бироқ, «деолигархизация»нинг бошқа томони ҳам бор: албатта, олигархлар ресурслардан шахсий мақсадда фойдаланиб, давлат коррупциялашишига олиб келишган эди. Лекин бир вақтнинг ўзида йирик молиявий ва саноат гуруҳлари, уларнинг рақобати, парадоксал равишда, мамлакатни авторитаризмга тушиб қолишдан ҳимоя қилаётганди.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024