Иқтисодиёт | 11:27 / 30.07.2022
45144
8 дақиқада ўқилади

Ислом молиясида сукук: Жаҳон тажрибаси, афзалликлар ва имкониятлар

Жаҳон тажрибаси сукук орқали кўплаб йирик лойиҳалар, хусусан авиация ва яшил иқтисодиётни фаол молиялаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Сукукни жорий этиш аҳоли қўлидаги бўш маблағлардан самарали фойдаланиш, молиявий муаммолар сабаб тўхтаб турган лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Ислом молияси бўйича мутахассис Искандар Турсунов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Ислом молияси бозорида исломий банклардан кейин кенг ва тезкор ривожланаётган молиявий сектор – сукук қимматли қоғозларидир. 2021 йил якунларига кўра Ислом молиясининг глобал активлари йиллик ўртача 13% ўсиш билан 3,374 трлн долларга етди, шундан 767 млрд доллари амалдаги сукук қимматли қоғозлари бозорига тўғри келмоқда.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, жаҳонда сукук молиявий сектори 2027 йилга бориб ўртача йиллик 17% ўсиш билан 1,98 трлн АҚШ долларига етади. Сукук орқали йирик лойиҳаларни, саноат ва бизнесни молиялаштириш форс кўрфази давлатлари ва Жанубий Осиё давлатларида тобора муҳим воситага айланиб бормоқда.

Сукук қимматли қоғози

Сукук – бу номинал қиймати тенг бўлган сертификатлар бўлиб, улар маълум бир лойиҳанинг моддий активлари, кўрсатилаётган хизматлар, активларга эгалик ҳуқуқининг бўлинмас улушини тасдиқлайди (AAOIFI ташкилоти таърифи).

Ҳар бир жорий қилинаётган сукук қийматга эга активга асосланган бўлиши керак, бу эса ўз навбатида фоиздан (судҳўрликдан) сақланиш имконини беради. Сукукнинг бир неча хил молиявий структуралари мавжуд бўлиб, улар ижара сукуки, муробаха сукуки, мудораба сукуки, мушарака сукуки, салам сукуки, истисна сукуки, гибрид сукук турларидир.

Сукукнинг иқтисодий самарадорлиги

Сукук орқали иқтисодий, ижтимоий, экологик лойиҳаларни маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда молиялаштириш мумкин. Сукукнинг актив ва актив яратишга асослангани иқтисодиётда активлар ва хизматлар яратилишига, даромадлар ошишига олиб келади. Унинг бевосита реал активларни яратиши ҳамда мақсадли ишлатилиши, маҳаллий ва хорижий инвесторларни хавфсиз молиявий тизим сифатида ўзига жалб қилади.

Сукукнинг ривожланиши корпоратив бошқарувни такомиллаштиради, компанияларнинг ҳисоботлари очиқлигини ва шаффофлигини таъминлайди.

Ўз навбатида, капитал бозорининг ривожланиши давлатнинг ташқи қарзларга бўлган талабини ҳамда бюджет тақчиллигини камайтиради.

Сукук ва авиация

Aвиация – жаҳон ялпи ички маҳсулотида 3,5 трлн долларни ташкил этиб, тахминан 88 миллион иш ўрни яратган ва дунё сайёҳларининг 60 фоизга яқинини ўз манзилларига етказиб қўядиган улкан тизимдир. Авиация соҳаси иқтисодиётнинг ўсишини таъминлайди, иш ўринлари яратади, халқаро савдо ва туризмни осонлаштиради. Инвестициялар ва ғоялар оқимини таъминлайдиган тезкор транспорт тармоғидир.

Соҳа фаолияти давомийлигини таъминлаб туриш эса молиявий маблағлар таъминоти, янги самолётлар ва инфратузилмалар ривожи билан амалга ошади. Бугунги кунда авиация соҳасини молиялаштиришда, хусусан янги самолётларни харид қилишда, айланма капитални шакллантиришда сукук қимматли қоғозларини жорий этиш орқали молиялаштириш энг афзал кўрилган механизмлардан бирига айланиб бормоқда.

Исломий самолётлар лизингини молиялаштириш халқаро авиакомпаниялар, жумладан Etihad Airlines, Saudi Arabian Airlines, Air Arabia, Emirates, Malaysian Airlines, Turkish Airlines ва дунёдаги кўплаб йирик самолёт лизинг компаниялари томонидан фойдаланилмоқда.

Малайзия

Malaysia Airways холдинг компанияси 2012–2013 йилларда 785 млн долларлик сукук қимматли қоғозларини муомалага чиқарди. Жами 1,67 млрд долларлик қимматли қоғозлари эмиссияси орқали олтита янги Airbus А380 ва иккита янги Airbus А330 самолётларини сотиб олган.

Компания 2021 йилда Малайзия Қимматли қоғозлар комиссиясига 1,2 млрд долларгача бўлган сукук вакала дастурини яратиш учун мурожаат қилган.

Баҳрайн

Баҳрайн 2004 йилда аэропорт ҳудудини кенгайтиришни молиялаштириш мақсадида ўзининг илк 250 миллион долларлик ижара сукук қимматли қоғозларини 5 йиллик муддат билан муомалага чиқарган.

Дубай

2013–2015 йилларда Emirates авиакомпанияси 10 йиллик муддат билан бакалах ва ижара сукукларини жорий қилди. Ушбу сукук эмиссияларини жорий қилиш орқали 4 та янги Airbus A380-800 самолётлари сотиб олинган ҳамда айланма капитални шакллантириш учун жойлаштирган.

Air Arabia 2007 йилда буюртма қилган 44 та AirBus А320 самолётидан жами 29 тасини исломий молиялаштиришнинг сукук келишувидан фойдаланган ҳолда харид қилган.

Cукук ва яшил иқтисодиёт

Яшил сукук – бу қайта тикланадиган энергия ва бошқа экологик активларга инвестициялар киритишдир. Қуёш, шамол ва биогаз энергиясини яратиш, электро автомобиллар ишлаб чиқариш каби экологик йўналишлар яшил сукукнинг активларидир.

Табиий бойликларни тежаш, хавфсиз экологияни таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия ресурсларини яратиш орқали инсонларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш бугунги куннинг долзарб мавзуларига айланиб бўлган.

Сўнгги йилларда яшил сукукнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда инфратузилмаларни молиялаштириш дунё давлатларида оммалашиб бормоқда.

2017–2020 йиллар давомида Индонезия, БАА, Малайзия ва Саудия Aрабистони 9 млрд долларлик яшил сукук чиқарган.

2020 йилда covid-19 авж олган пайтда ҳам глобал миқёсда 2,56 млрд долларлик, 2021 йилда эса 1,57 млрд долларлик яшил сукуклар чиқарилди.

Биринчи яшил сукук 2017 йилда қайта тикланадиган энергияни яратиш мақсадида Tadau Energy гуруҳи томонидан чиқарилган бўлиб, Малайзиядаги қуёш электр станциясини молиялаштириш учун 59 миллион AҚШ доллари йиғди. Шу йили Малайзия билан бир қаторда Индонезия дунёдаги биринчи суверен яшил сукук ва дунёдаги биринчи чакана яшил сукукни чиқариш орқали етакчиликни кўрсатди.

Форс кўрфази давлатлари яшил сукук имкониятларини ҳам жалб қилган ҳолда (карбонсизланиш) барқарор лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ишларни амалга оширмоқда. Мисол учун, Саудия Aрабистони 2030 йилга келиб электр энергиясининг 50 фоизини тоза манбалардан ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. БAA эса 2050 йилга келиб умумий энергия таркибидаги тоза энергия ҳиссасини 50 фоизга оширишни мақсад қилган. Баҳрайн 2025 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларини 250 Мваттга етказишни режа қилган.

Ҳозирги кунда Ислом молияси маҳсулоти бўлмиш сукук қимматли қоғозлари орқали молиялаштирилаётган бошқа кўплаб соҳаларни кузатиш мумкин.

Ўзбекистон

Ўзбекистон – иқтисодий, ижтимоий, экологик ислоҳотларни кенг амалга ошираётган давлатлардан. Бу ислоҳотларни амалга оширишда молиялаштириш манбалари, мукаммал қонунчилик ҳамда аҳолининг молиявий саводхонлиги муҳим ўрин эгаллайди.

Инфраструктураларни яратишда ташқи қарзларни жалб қилишнинг самарали томонлари бўлса-да, иқтисодий хавфлари ҳам юқори. Шу боисдан маҳаллий ва хорижий инвесторларни ўзига жалб қиладиган лойиҳаларни шакллантириш ва молиявий инструментларни ривожлантириш мамлакатга инвестициялар оқимининг ортишини таъминлайди.

Инновацион ва инклюзив молия тизимини яратишда вазирлик ва идораларнинг хусусий сектор ва экспертлар билан доимий ҳамкорликда ишлаши мақсадларга тезроқ ва самарали эришишда муҳим ўрин эгаллайди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабр ойида Олий Мажлисга қилган мурожаатида Ўзбекистонда Ислом молиясини жорий қилиш вақти келганини таъкидлаган эди. Ўзбекистонда Ислом молиясининг жорий этилиши молия бозорининг диверсификацияланишига, инклюзив молия бозорининг ривожланишига, молиялаштириш манбаларининг ортишига, инвестицияларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Натижада Ислом молияси маҳсулотларидан бўлмиш сукук қимматли қоғозларини жорий этиш орқали транспорт ва логистика, энергетика, қурилиш, тоғ-кон металлургия, хусусий сектор ва бошқа соҳаларни молиялаштириш имкониятлари вужудга келади.

Мисол учун, сукук қимматли қоғозларидан:

  • Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Хоразм ва Жиззах вилоятларида қуёш панелларини ўрнатиш ва молиялаштиришда,
  • Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти, Бухоро ва Навоий вилоятларининг шамолли ҳудудларида шамол электр станцияларини ўрнатишда,
  • пулли автомобил йўлларини Тошкент–Нукус, Тошкент–Андижон, Тошкент–Сурхондарё йўналишлари қуришда,
  • тезюрар поездларни, янги самолётларни харид қилиш каби лойиҳаларни молиялаштиришда фойдаланиш мумкин.

Аҳоли қўлида ва тадбиркорларда мавжуд бўш пул маблағларини сукук орқали мақсадли ва тўғри йўналтириш нафақат аҳоли ва тадбиркорларнинг даромад олиш имкониятларини кенгайтириши, балки молиявий муаммо туфайли ўз ечимини топишга қийналиб турган лойиҳаларнинг ишга тушишини таъминлайди.

Фойдали лойиҳаларга маҳаллий аҳоли ва тадбиркорларни жалб қилиш натижасида миллий даромад ошади, пул оқимининг ташқарига чиқиб кетиш олди олинади.

Искандар Турсунов,

INCEIF Ислом молияси халқаро университети магистранти, ислом молияси мутахассиси

Мавзуга оид