Жаҳон | 09:08 / 01.08.2022
5512
2 дақиқада ўқилади

Туркия: Қора денгизда дон экспорти 1 августдан бошланиши мумкин

Туркия президенти вакилининг сўзларига кўра, Украина ғалласини Қора денгиз йўлаги орқали экспорт қилиш 1 августдан бошланиши мумкин, бу борада бир ёки иккита жиҳатга аниқлик киритиш керак.

Фото: Reuters

Туркия Украинадан Қора денгиз йўлаги орқали ғалла экспорти 1 августда бошланишини кутмоқда. Бу ҳақда 31 июль, якшанба куни Туркия президентининг вакили Иброҳим Калин маълум қилди. Калиннинг сўзларига кўра, бир нечта тафсилотларга аниқлик киритиш лозим. Киевда таъкидланишича, ўтган йилги ҳосилнинг 20 миллион тоннадан ортиғи ҳали экспорт қилиниши керак.

Аввалроқ Истанбулда Украина донини экспорт қилиш бўйича назорат маркази очилган эди. Туркия марказ озиқ-овқат инқирозини енгиб чиқишга катта ҳисса қўшишига ишонмоқда, деди Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулусий Акар.

Координация маркази савдо кемаларини рўйхатга олади ва ҳаракатларини, хусусан, сунъий йўлдош маълумотлари ёрдамида кузатиб боради, деди Акар. Кемалар Қора денгизни Мармар денгизи билан боғлайдиган Босфор бўғозидан ўтаётганда бортда қурол йўқлиги юзасидан текширувдан ўтиши керак.

Марказнинг ташкил этилиши 22 июль куни Истанбулда БМТ ва Туркия воситачилигида тузилган ҳамда Украина портлари блокадасини тугатишга қаратилган келишувнинг бир қисмидир.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш келишув имзоланганини тасдиқлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, эришилган битимга кўра, экспорт Украинанинг учта порти – Одесса, Чорноморск ва Южнийдан амалга оширилади.

Музокараларда БМТ, Россия, Туркия ва Украина иштирок этди. Орадан бир кун ўтиб, 23 июль куни Одесса порти Россия томонидан ракета зарбаларига учради. 

Мавзуга оид