“Бошида кўпчилик ишонмаган эди” — Ўзбек қизи таэквондода илк марта жаҳон чемпиони бўлди
14 яшар Лайло Ҳасанова ўзбек спортида янги саҳифа очди: у таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик бўлди. “Мусобақада қатнашмасликка ҳам рози эдим, бошида ютқазиб қўйсам-чи деб роса қўрқдим”, – дейди ёш чемпион Kun.uz'га берган интервюсида.
Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1992 йилдан бошлаб жаҳон мусобақаларида қатнаша бошлаган. Шу вақтгача кўплаб ғалабалар қўлга киритилган, аммо ҳеч бир ўзбек қизи жаҳон чемпиони бўлмаган эди.
2022 йил 28-31 июл кунлари Болгариянинг пойтахти София шаҳрида таэквондонинг WТ бўйича кадетлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 14 ёшли Лайло Ҳасанова олтин медал соҳибасига айланди. Боз устига, у мусобақанинг “Энг яхши таэквондочи қизи” деб ҳам топилди.
Kun.uz яқиндагина мусобақадан қайтиб келган Лайло ва унинг мураббийлари – Рихситилла Собиров ҳамда Муҳаммадмаъсум Назаралиев билан суҳбатлашди.
“Қўрқдим, лекин ишонч билдиришдими, энди ҳаракат қилишим кераклигини тушундим”
Тошкентлик спортчи мусобақа таассуротлари ҳақида шундай дейди:
— 4 ёшлигимда телевизорда таэквондочиларни кўриб, уларнинг кийимига қизиқиб қолганман. Кейинчалик ойимга шу спорт билан шуғулланмоқчилигимни айтганман ва шу билан мактабимизда очилган тўгаракка боришни бошлаганман. Қарасам, машғулотдагиларнинг барчаси чиройли шуғулланишяпти, тепишяпти. Буни кўриб, мен ҳам қизиқиб кетганман.
Жаҳон чемпионати бўлишини, у ерга фақат яхши тайёрланганлар боришини терма жамоамиз бош мураббийи Собир ака Назаралиев айтдилар. Кейин ҳамма спортчилар шуғулланишга киришиб кетдик. Саралаш жараёнлари бошланди, бунга бошқа вилоятлардан ҳам бир қанча спортчилар келишди. Орада мураббийларимиз бизни пишитишди.
Жаҳон чемпионатига 1 ойча вақт қолганида, рўйхат эълон қилинди. Қарасам, менинг ҳам исмим бор экан, жуда хурсанд бўлиб кетдим. Тўғриси, жуда орзу қилардим, жаҳон чемпионатига чиқишни, лекин ростдан ҳам чиқишимга ишонмасдим.
Бошида мусобақага тушмасам-чи, мени танлашмаса ҳам майли, деган фикр ҳам ўтди. Кейин йўқ, шунча ишонч билдиришдими, энди ҳаракат қилишим кераклигини тушундим. Лекин ютқазиб қўйишдан қўрққандим.
Болгарияга бориб қўнганимиздан кейин, 4 кун мусобақа бўлди. Биринчи куни бошқа 5 нафар спортчиларимиз тушди, ўша куннинг ўзида медаллар олиб, ўзларини кўрсата олишди. Мен шунинг эртасига тушдим. Ўзи биринчи кундагиларни кўриб, ҳаяжонланиб бўлгандим. Майдонга чиқиб, ҳакамни кўрганимдан кейин сал босилдим. Шундан сўнг биринчи раундда ютдим, анча хурсанд бўлдим.
“Чемпионатдан олдин қўлидаги жароҳатига қарамай машғулотларни давом эттираверди”
Рихситилла Собиров, Лайлонинг илк мураббийи:
— Шайхонтоҳур туманидаги 45-мактабда (Лайло шу мактабда ўқийди – таҳр.) Назаралиевлар жамоасининг филиалини очганман. Ўша очган филиалимизга биринчи шогирдлардан бўлиб Лайло келган. Лайло – берилган вазифаларни аъло даражада бажарадиган, меҳнаткаш қиз.
Бошида Собир ака Назаралиев бизга ишонч билдирганларидан кейин, биз шогирдимиз устида янаям қаттиқроқ ишлашни бошладик. Собир аканинг ҳам алоҳида машғулотлари бўлар эди, терма жамоа йиғини билан эрталаб соат 10да ва кечки вақт соат 4да шуғулланар эди. Жараёнда бизни ҳам бириктириб, вазифаларни тақсимлаб турди. Умуман олганда, асосий ишни улар қилди, биз тўлдириб турдик, холос.
Барчаси терма жамоага киришимиздан бошланди. Биз ишонгандик, кутгандик, терма жамоага йўлланмани қўлга киритиб, биттадан вазифаларимизни амалга оширдик. Кейин жаҳон чемпионатига йўлланма оламизми ёки йўқ, яна ҳаяжонимиз бошланди. Шу билан жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани олдик, яна бир ютуққа эришдик. Ҳар бир чиқишимиздаги таассуротларни айтиб бериш қийин.
Жаҳон чемпионатидан олдин машғулотлардан бирида Лайло қўлидан жароҳат олди. Қўли ўралган бўлишига қарамай, бир кун ҳам “тренировка”ни қолдиргани йўқ. Синган қўли билан шуғулланишда давом этаверди, бу нарса унга тўсқинлик қилмади, чунки Лайло ҳақиқатан ҳам жаҳон чемпионатида қатнашишни, ютишни истаган эди. Ниятига яраша Ўзи ҳам етказди.
Ҳар битта жангдан кейин биринчи навбатда Муҳаммадмаъсум акамга қўнғироқ қилдим, биз ҳар бир жангни таҳлил қилдик, кейинги рақибларини ўрганиб, нималар устида ишланиши кераклиги бўйича режалар туздик. Мен, Муҳаммадмаъсум ака жуда ҳаяжонландик, лекин Лайлонинг ёнига келганда, ўзимизни бошқача тутдик. Чунки бу нарсалар унга таъсир қилиши керак эмасди.
“Ҳеч ким бошида бу қизнинг ютишига ишонмади”
Муҳаммадмаъсум Назаралиев, Лайлонинг мураббийи:
— Лайлонинг феъли жуда ҳам яхши, инсонийлиги бор. Камгаплиги учун унинг бор-йўқлиги ҳам билинмайди. Лайло билан ишлашда қийинчилик бўлмайди, чунки у ҳамма вазифаларни вақтида бажаради, машғулотларга ҳам вақтида келади. Мабодо келолмай қолса ҳам, бир-икки кун олдин огоҳлантириб қўяди. Шу сабабли биз бу қиз билан яхши ишлаб кетдик.
Аслида Рихситилла билан 2021 йилдан бирга ишлашни бошладик. Ўшанда апрел ойи Навоий вилоятида бир мусобақа бўлган эди, шунда Рихситилла Лайлонинг устида биргаликда ишлашимизни таклиф қилди. Шу билан режа туздик ва май ойидан машғулотларни бошлаб юбордик. Ўша йилнинг ўзида декабр ойида республика ғолиби, кейин халқаро турнирларда – Фужайра, Қозоғистондаги мусобақаларда яхши натижаларни кўрсатиб келди.
Очиғи, бошида кўпчилик бу қизнинг ютишига ишонмади. Қизнинг ҳаракатлари секин, арсенали кам дейишди. Биз нима учун ставка қилдик, чунки Лайло ҳамма рақиблари учун ноқулай таэквондочи ҳисобланади, унинг мана шундай ўзига хослиги бор. Айтайлик, рақиблари тезкор, эгилувчан бўлса ҳам, лекин Лайлога келганда улар ўз услубини қўллай олишолмайди, чунки у темпни бузадиган спортчи саналади. Шунинг учун Лайло билан ишлаш мароқли.
Энг катта стрессимиз республика мусобақасида бўлди. Ўша мусобақада ютмаса, жаҳон чемпионатига кетмасди, чунки терма жамоага йиғин бўлаётганди. Кадет дивизионидаги бу мусобақа Лайло учун охиргиси эди. Унгача у бу каби турнирда ютмаганди.
Жаҳон чемпионатида Рихситилла жуда қаттиқ ҳаяжонланди. Аммо шунга қарамай, биз мусобақанинг биринчи куниданоқ олтинни олишга ишондик. Мана шу ерда катта босим бўлди, биз буни спортчимизга кўрсатмасликка ҳаракат қилдик. Очко ютқазса ҳам, “хавотир олма, шунақа бўлиши керак эди, кейинги раундларда ютамиз”, деб Лайлонинг ҳам ҳаяжонини босдик.
Интервюни тўлиқ ҳолда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси 16 нафар таэквондочи билан иштирок этди, улардан 10 нафари совриндор бўлди:
- Олтин – Лайло Ҳасанова
- Кумуш – Дилмурод Маъруфжонов
- Бронза – София Хан, Аҳаджон Мухторов, Жавоҳир Ҳидоятов, Нигора Аъзамжонова, Омина Эргашева, Розалина Толибжонова, Оминахон Камолова, Мубина Бобосаидова.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азиз Курязов.
Мавзуга оид
20:07 / 08.08.2024
Улуғбек Рашитов Олимпиада финалига чиқди
08:05 / 21.06.2024
Ўзбекистон таэквондо миллий жамоаси Олимпиадада илк бор 5 спортчи билан қатнашади
08:22 / 08.06.2024
Яхши даромад, халқаро компанияда иш, илмда ютуқлар – мактабни битирмай туриб 17 ёшли қиз буларга қандай эришди?
17:15 / 11.05.2024