Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муаллифлик ҳуқуқини бузган ресурслар блокланади. Конституция лойиҳаси Twitterда муҳокама қилинди
Куни кеча бир йиллик тақиқдан сўнг “қафасдан озод этилган” Twitter платформасида жиддий мавзуларга бағишланган аудиочатлар бошланди. Масалан, кеча, 5 август куни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасига киритилган муҳим мавзулардан бири — интеллектуал мулк ҳимоясига бағишланган суҳбат уюштирилди.
Аудиочатга соҳа мутахассислари — эксперт-ҳуқуқшунослар таклиф этилди. Хусусан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжар Норқуватов, ҳуқуқшунос Мадина Турсунова, кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда бошқа мутахассислар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Суҳбат ташкилотчиси ва бошловчиси Ҳикматилла Убайдуллаевнинг қайд этишича, айнан интеллектуал мулк ҳимояси энг муаммоли соҳалардан бири экани ушбу мавзуни муҳокамага олиб чиқишга туртки берган.
“Ҳамма йўналиш — адабиёт, санъат, ижод, умуман, барча соҳада муаллифлик ҳуқуқи жуда қўпол равишда бузилади. Бунинг энг катта сабабларидан бири — муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилиш маданияти шаклланмагани ҳамда ижодкорлар ўз ҳуқуқларини яхши билмаслигида. Шунинг учун ҳам ушбу мавзуни экспертлар иштирокида муҳокама қилиш долзарб деб ҳисобладик”, — дейди у.
Аудиочат икки соатдан кўпроқ давом этди. Унда 1800 нафардан ортиқ фойдаланувчи қатнашди, 10дан зиёд мутахассис ўз фикрларини баён қилди.
Муаллифлик ҳуқуқини бузган ресурслар блокланади
Санжар Норқуватов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи:
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожлангани сари муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар ҳам кўпаймоқда. Айниқса, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда бадиий ва санъат асарларини ўз ресурсларига ноқонуний жойлаштириш кўп кузатилмоқда. Шу боис Адлия вазирлигида муаллифлик ҳуқуқига риоя этмаётган ресурслар реестри яратилмоқда. Ушбу реестрга мунтазам равишда қонунбузилишга йўл қўйган ресурслар киритилади ва уларнинг фаолияти чекланади.
Асосий муаммо — муаллифлар ўз интеллектуал маҳсулотини бошқа инсонга бераётганда шартнома тузмаслиги. Улар, одатда, оғзаки келишишади ва шунинг ортидан кўплаб масалалар пайдо бўлади. Бу борада уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Хориж тажрибаси қандай?
Мадина Турсунова, ҳуқуқшунос:
Афсуски, бизда онлайн ресурсларда муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш жуда қийин масалалардан бирига айланди. Чунки, масалан, қайсидир веб-сайтда ўзингизга тегишли контентга дуч келсангиз, уни фақатгина ўша ресурс администратори олиб ташлаши мумкин.
Бу борада хориж тажрибаси қандай? Хорижда қайсидир веб-ресурс билан боғлиқ муаммога дуч келсангиз, ўша веб-ресурс жойлашган хостингга мурожаат қиласиз. Хостинг эса сизнинг шикоятингизни кўриб чиқишга мажбур, акс ҳолда, у ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузган деб ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқи бузилган контентни ресурсдан олиб ташлаш ана шундай тартибда бажарилади. Шу боис бу масалани муҳокама қилаётганда нафақат қонунчилик, балки техник томонлама ҳам кўриб чиқишимиз лозим. Бизда бундай нормалар йўқ ва қонунчилик шу асосда такомиллаштирилиши керак.
МИБ фойдаланган сурат
Муҳиддин Али, фотограф:
Мен 10 йилдан бери фотографлик соҳасида ижод қилиб келаман. Юқоридаги гапларни эшитиб, бир қизиқ воқеани айтиб бермоқчиман.
Эсимда, 2-3 йил олдин Инстаграмдаги саҳифамдан оилавий расмимни олиб, катта бир ташкилот ажрим ҳақидаги баннерда фойдаланибди. Буни менга қуда томондан одамлар юборишган. Энг қизиғи, бу баннер — инсонлар ҳуқуқи учун курашадиган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси баннери эди. Бу масалада бюро ахборот хизмати билан боғланиб, 50та болалар адабиётини харид қилиш ва баннерларни олиб ташлаш шартини қўйганман. Лекин баннер барибир тўлиқ олиб ташланмади.
Инсон қачон муаллифлик ҳуқуқи бузилишига тўғри келади? Биринчи марта партадошининг дафтаридан кўчиргандами? Демоқчиманки, болаларни бошидан муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак. Бу масала бошланғич синф ўувчилари дарслигига киритилиши лозим деб ўйлайман.
Америка киноси ва японлар
Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер:
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартнома тузилаётганда, ижодкорларни унинг шартларини ўқишга ўргатишимиз керак. Жуда кўплари шаблон шартномалар бўлади, рус тилида бўлади. Шунинг учунми, аксарият ижодкорлар уни ўқимай қўл қўяди. Асосий келишувлар шартномада кўрсатилган бўлиши керак.
Бизда афсуски, номоддий предметлар негадир ўғрилик ҳисобланмайди. Японияда ўқиган танишим бир воқеани гапириб берди: ҳали Японияда намойиши бошланмаган жуда машҳур Америка киноси ҳақида гаплашиб ўтирганимизда мен ўша кинони кўрганим ҳақида айтдим. Японлар бундан ҳайратланиб, менга анча кун муаллифлик ҳуқуқи ҳақида гапириб юришди. Аслида биз ҳам шундай бўлишимиз, ҳар биримиз муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилишни ўзимиздан бошлашимиз керак.
Twitter’да ушбу муҳокама кўпчиликда ижобий таассурот қолдирди. Буни фойдаланувчилар қолдирган изоҳлардан ҳам билиш мумкин.
It was my pleasure to take part in my very first Tweeter Spaces organised by @KhikmatPulatov concerning Copyright and it’s protection.
— Sanjar Norquvatov (@norquvatov_s) August 6, 2022
We had very interesting and vivid discussions on various aspects of copyright.
Бу жуда долзарб мавзу ва бу норма чиқариб ташланса, жойлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятга жиддий ва ижобий таъсир қилади, "бир-бирини тийиб туриш ва ўзаро мувозанатда ушлаб туриш" тизими шаклланади.
— Nuriddin Zaynitdinov (@Zayniddinov) August 6, 2022
Твиттерда биринчи марта сифатли аудио чатга гувоҳ бўлдим. Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги чат.
— Uch zamon (@DaniyorRozmetov) August 5, 2022
Ташкилотчиларга ва иштирокчиларга раҳмат. Саволларим қолиб кетган бўлса ҳам, анча маълумот олдим. @xushnudbeck @Iplosello
Мавзуга оид
08:02 / 28.05.2025
Ўзбекистонда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг магистратура дастури жорий этилади
21:21 / 12.05.2025
Хонанда Сардор Мамадалиев шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилди
16:02 / 04.04.2025
Хонанда Анвар Ғаниев муаллифлик ҳуқуқини бузгани маълум бўлди
18:19 / 26.03.2025