Ўзбекистон | 17:35 / 06.08.2022
11684
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 10 мрлд сўмга «Янги Ўзбекистон» боғи қурилади – ҳоким фармойиши

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида «Янги Ўзбекистон» боғи қурилишига 10 млрд сўм маблағ ажратилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев фармойиши билан 2022 йил 5 августда вилоят марказида «Янги Ўзбекистон» боғи қурилмоқда. Нурафшон шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган боғ қурилишига 10 млрд сўм маблағ ажратилади.

Фармойишга кўра, бу маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил II чораги якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилмоқда. Қурилиш вилоят марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қурилган «Янги Ўзбекистон» боғи 2021 йил август ойида очилган.

2021 йилнинг охирида Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова шарафига ҳайкал мажмуасини қуриш учун 28,4 миллиард сўм ҳамда замонавий кутубхона биносини қуриш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича фармойиши муҳокамаларга сабаб бўлган, кўпчилик фаоллари мақсад Зулфия Зокировага эҳтиром кўрсатиш бўлса, унинг номига мактаб қуришни таклиф қилганди.

Танқид ва эътирозларга қарамай, ҳокимлик ҳайкал қуриш лойиҳаси бекор қилинмаган, балки кечиктирилганини маълум қилганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид