Ўзбекистон | 12:09 / 08.08.2022
2614
2 дақиқада ўқилади

Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларга уч йилгача компенсация берилади

Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига уч йилгача муддатга компенсация берилади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг “Туризм соҳаси субъектлари учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори асосида оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёзлар берилмоқда, деб хабар қилди “Дунё”.

Уларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 млрд сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси 1,5 бараваридан ошмаган кредитлар бўйича улар асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставка 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация берилади. Компенсация Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Эндиликда туристик ахборот марказларини чегара ўтказиш пунктларида ҳам барпо этиш мумкин. Улар Ўзбекистон давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида бепул жойлаштирилади.

Ўтовли ва чодирли оромгоҳлар хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларни ўрганиш далолатномаси асосида уларни оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.

Бугунги кунда инвесторларга янги қурилган меҳмонхонаси 3 юлдузли тоифага ва 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга ёки 4 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлганда субсидия ажратилади. Қарорда “янги қурилган меҳмонхона” тушунчаси мустаҳкамланган бўлиб, унга мувофиқ тасдиқланган лойиҳа асосида капитал бино ва иншоот сифатида қурилган ёки охирги ўн йилда меҳмонхона фондида мавжуд бўлмаган ҳолда қайта қурилган меҳмонхона янги қурилган меҳмонхона ҳисобланади. Қурилишда ўзгартирилган лойиҳа бўйича (меҳмонхонани реконструкция ва (ёки) реновация қилиш бундан мустасно) жойлаштириш воситаси сифатида қурилиб, янгидан ишга туширилган объект ҳам янги қурилган меҳмонхона сифатида қайд этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид