Ўзбекистон | 14:48 / 10.08.2022
28424
2 дақиқада ўқилади

Президент Олий суд раиси лавозимига Бахтиёр Исломов номзодини тақдим этди

Шавкат Мирзиёев ўз маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига, Козимжон Комилов номзодини Конституциявий суд судяси лавозимига кўрсатиб, Сенатга тақдимномалар киритди. Конституциявий суднинг ваколатлари тугаётган 6 нафар судяси ўрнига ҳам номзодлар тақдим этилди.

Бахтиёр Исломов / Расмий фото

Президент Шавкат Мирзиёев Олий суд раиси лавозимига Исломов Бахтиёр Жаҳонгирович номзодини илгари сурди.

Бахтиёр Исломов бунгача президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётганди.

Олий суд раиси лавозимида ишлаб келган Комилов Козимжон Фозилович эса Конституциявий суд судяси вакант лавозимига номзод сифатида тақдим этилди.

Бу борада Сенатга тегишли тақдимномалар киритилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент, шунингдек, Конституциявий суднинг ваколатлари жорий йил 24 август куни тугаётган 6 нафар судьяси ўрнига номзодларни ҳам Сенатга тақдим этган. Ушбу номзодлар:

  • Балкибаева Жанагул Исмоиловна;
  • Ғафуров Асқаржон Бойисович;
  • Давлетова Кароматжон Худойбергеновна;
  • Исмайлов Рахат Аминбаевич;
  • Раҳимов Абдуманноб Қўзиевич;
  • Раҳмонов Акмал Эргашевич.

Улар Сенат томонидан сайланган тақдирда, ўз ваколатларига 24 августдан бошлаб киришади.

Маълумот учун, 9 нафар судядан иборат Ўзбекистон Конституциявий судига 2021 йил февралидан буён Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раислик қилмоқда.

Козимжон Комилов икки ой аввал Олий суд раиси лавозимига қайта сайланганди. Муқаддам Олий хўжалик суди раиси бўлган Комилов Олий судни 2017 йилдан буён бошқариб келаётганди.

Бахтиёр Исломов муқаддам Фарғона ва Тошкент вилоятларида судялик қилган, 2020 йил ноябригача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси бўлган. У 2020 йил ноябрида президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергеновнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Орадан бир йил ўтиб, Рустам Иноятов ўрнига президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаганди.

Мавзуга оид