Ўзбекистон | 12:02 / 23.08.2022
8552
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда Nexia уриб юборган пиёда вафот этди

Марҳум йўлнинг тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтишга уринганда Nexia ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва уни уриб юборган.

Фото: Нишон тумани ҳокимлиги

2022 йил 11 август куни соат 15:05 ларда А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов халқаро автомобил йўлининг Ғузор тумани "Янгикент" МФЙ ҳудудида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Нишон туманида яшовчи фуқаро ўз бошқарувидаги Nexia билан A-380 автомобил йўли орқали Қарши шаҳри томон ҳаракатланиб кетаётган вақтда Ғузор тумани "Янгикент" МФЙда яшовчи фуқарони уриб юборган.

Оқибатда, пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган. Дастлабки суриштирувда аниқланишича, марҳум тўсатдан йўлнинг тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтишга уринганда Nexia ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва уни уриб юборган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Жиззахда пиёдалар йўлакчасида ВАЗ-2107 машинаси уриб юборган 9 ёшли бола, Самарқандда пиёдалар йўлакчасида Nexia-3 уриб юборган 4 ёшли қиз вафот этганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид