Ўзбекистон | 08:12 / 24.08.2022
3206
3 дақиқада ўқилади

Нодавлат таълим ташкилотларида ўқиётган етим талабаларга айрим харажатлари учун маблағ ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикадаги хорижий олий таълим ташкилотлари филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш учун маблағларни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига кўра, бундай талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш учун маблағларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ташкилот талабаларига ижтимоий таъминот учун маблағлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мазкур мақсадлар учун режалаштирилган бюджет маблағлари доирасида ажратилади ва молиялаштирилади.

Бунда, ташкилот жорий ўқув йилида ижтимоий таъминот учун маблағ олувчи талабалар сони ҳамда уларга тўланадиган ижтимоий таъминот учун маблағ миқдорини ҳисоблайди ва бюджетдан зарур маблағларни ажратилиши юзасидан Олий таълим вазирлигига сўровнома киритади. Олий таълим вазирлиги ташкилотлар томонидан тақдим этилган сўровномаларга асосан амалдаги ўқув йили учун ижтимоий таъминот тўловларига сарфланадиган маблағларни шартномага мувофиқ тўлиқ ҳажмда улар ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Ташкилот талабаларига ижтимоий таъминот учун маблағларни молиялаштириш умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомда ҳамда унинг иловаларида белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади.

Ижтимоий таъминот учун маблағларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабалар давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар республика бюджети маблағлари ҳисобига қопланади ва белгиланган миқдорларда тўланади.

Ташкилот раҳбарлари ижтимоий таъминот тўловлари учун ажратилган маблағларни ўз вақтида талабаларга ойма-ой тўлаб борилишини таъминлашга шахсан жавобгар ҳисобланади.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид