Ўзбекистон | 14:42 / 24.08.2022
21424
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди 

Президент янгидан қурилаётган мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. “Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Самарқанд вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари 24 август куни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президент матбуот хизматига кўра, зиёратгоҳ қайта қурилмоқда, мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда. Президент ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

“Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди.

“Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади”, – деди давлат раҳбари.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, биринчи президент Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди. 

Мавзуга оид