Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада ёнилғи нархлари рекорд даражада ошаётган вақтда Петербург яқинида кунига 10 млн долларлик газ ҳавога ёқилмоқда
Европада энергия нархлари муттасил ўсиб бораётган бир вақтда Россия йирик миқдордаги табиий газни ёқиб юбормоқда. Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларни ўрганган Rystad Energy компанияси Россиянинг Финландия билан чегара яқинида жойлашган суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарувчи заводида кунига тахминан 10 млн долларлик газ ёқилаётгани ҳақида хулосага келди. Экспертлар фикрича, илгари бу газ Германияга экспорт қилинган.
Rystad Energy таҳлили шуни кўрсатадики, Санкт-Петербургнинг шимоли-ғарбида жойлашган суюлтирилган табиий газ (СТГ) ишлаб чиқарувчи «Газпром СПГ Портовая» заводида кунига 4,34 миллион куб метрга яқин газ машъала усулида ёқиб йўқ қилинмоқда.
Машъалаларни биринчи бўлиб Финландиянинг чегарадош ҳудудида яшовчи аҳоли пайқади.
Завод Германияга газ етказилувчи «Шимолий оқим-1» газ қувури бошланишидаги компрессор станцияси яқинида жойлашган.
Мазкур қувур орқали газ етказиб бериш июл ўрталаридан тўхтатилганди. Россияликлар буни техник муаммо билан изоҳламоқда, аммо Германия бу Россиянинг Ғарб санкцияларига жавоб сифатида амалга оширилган сиёсий қадами эканини айтмоқда.
«Ортиқча» газдан қутулишнинг бундай усули – қайта ишлайдиган заводларда оддий ҳол ҳисобланади. Одатда техник сабаблар ёки хавфсизлик нуқтайи назаридан шундай қилинади. Бироқ «Портовая»дани ёқиб юборилаётган газ ҳажми экспертлар учун кутилмаган ҳол бўлди.
«Мен СТГ ишлаб чиқариладиган заводда бунча миқёсдаги газ машъала тарзида ёқиб юборлишини ҳеч қачон кўрмаганман. Июнда улкан ёлқинни кўрдик, у ҳалигача йўқолмади ва ўша юқори даражадалигича қолмоқда», дейди Оҳайодаги Майами университетининг сунъий йўлдош маълумотлари бўйича эксперти, доктор Жессика Маккарти.
Германиянинг Буюк Британиядаги элчиси Мигел Бергер BBC учун берган интервюсида Европанинг Россия газига қарамликни камайтириш бўйича саъй-ҳаракатлари «Россия иқтисодиётига кучли таъсир кўрсатаётгани»ни айтди.
«Уларнинг газ сотадиган бошқа жойлари йўқ, шунинг учун газни ёқиб юборишмоқда», дея тахмин қилди у.
Фото: ARI LAINE
Марк Дэвис – ортиқча газни ёқиб юбориш усулидан воз кечиш йўлларини излаётган Capterio компанияси бош директори. Унинг таъкидлашича, Петербург яқинида бундай улкан машъала пайдо бўлиши тасодиф эмас ва газни ёқиб юбориш қарори оператив сабабларга кўра қабул қилинган.
«Операторлар кўпинча ишлаб чиқаришни тўхтатмасликка уринишади, уни қайта йўлга қўйиш қийин ёки қимматга тушишидан хавфсирашади. Мазкур ҳолатда айнан шундай бўлган бўлиши мумкин», деди у.
Бошқа экспертлар гап «Шимолий оқим-1» қувури орқали ўтган улкан ҳажмдаги газ билан ишлашдаги техник қийинчиликларда деб ҳисобламоқда. Эҳтимол, «Газпром» бу газдан янги заводда СТГ ишлаб чиқаришда фойдаланмоқчи бўлган, бироқ компанияда уни қайта ишлашда муаммолар юзага келган ва энди энг хавфсиз йўл – уни ёқиб юбориш.
Бу Европанинг Россия Украинага бостириб киргани учун жорий этган савдо санкциялари натижаси ҳам бўлиши мумкин.
«Газни бунчалик узоқ муддат давомида машъала усулида ёқиб юбориш уларга қандайдир жиҳоз етишмаётганини билдириши ҳам мумкин. Россия санкциялар сабабли нефт ва газни қайта ишлашда зарур бўлган юқори сифатли клапанларни ишлаб чиқара олмайди. Эҳтимол, қандайдир клапанлар ишдан чиққан ва уларни алмаштира олишмаяпти», дейди Финландиядаги LUT университетининг энергетика профессори Эса Ваккилайнен.
«Бунинг аниқ сабаблари ноаниқ бўлса-да, газ машъаласининг ҳажми, ажралиб чиқаётган чиқинди ва жойлашган ўрни Россия Европа энергетика бозорида устунлик қилишини эслатиб туради. Бундан аниқроқ сигнал бўлиши мумкин эмас: Россия агар истаса, энергия нархларини бир кун ичида пасайтира олиши мумкин. «Шимолий оқим-1» ёки бошқа муқобил қувур орқали кетиши мумкин бўлган газ ёнмоқда», деди Rystad Energy таҳлилчиси Синдре Кнутссон.
Дастлаб коронавирус пандемияси боис жорий этилган карантин чекловлари бекор қилинганидан сўнг бутун дунёда энергия нархлари кўтарилди. Бирданига ҳаммага кўп миқдорда энергия керак бўлиб қолди, бу эса етказиб берувчиларни қийин аҳволга солиб қўйди.
Шу йил февралида Россия Украинага бостириб кирганидан кейин нархлар яна кўтарилди. Европа ҳукуматлари ЕИ фойдаланадиган газнинг 40 фоизини етказиб берувчи Россияга қарамликдан қутулиш йўлларини излай бошлади.
Натижада муқобил манбалардан етказиб берилдиган газ нархи ошди. ЕИнинг айрим мамлакатлари, хусусан, Германия ва Испания ёнилғини тежашга қаратилган чоралар қабул қилмоқда.
Фото: ELMERI RASI
Олимларни газ машъаласининг атроф-муҳитга таъсири ҳам ташвишга солмоқда.
Шу билан бирга, экспертлар иқлим исишига кучли таъсир кўрсатувчи метанни атмосферага чиқариб юборгандан кўра газни ёқиб юбориш анча яхши йўл эканлигини эслатиб ўтишди. Россия бу усулдан тез-тез фойдаланади, Жаҳон банки маълумотига кўра, мамлакат газни машъала усулида йўқ қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради.
Шуниси ҳам борки, «Портовая»даги машъала атмосферага кунига 9 минг тоннага яқин карбонат ангидрид чиқаради.
«Арктик кенгликларда газни машъала усулида ёқишнинг хавфлилиги шундаки, ажралиб чиққан бирикмалар шимолий йўналишда ҳаракатланади. Улар муз ва қорга келиб тушади ва эришини тезлаштиради. Шу сабабли ушбу минтақада газни машъала усулида ёқишни кўпайтирмаган маъқул», дейди Канададаги Карлтон университети профессори Мэтю Жонсон.
Мавзуга оид
16:19 / 24.05.2025
АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкциялар юмшатилганини эълон қилди
22:50 / 21.05.2025
РФга қарши санкцияларнинг 17-пакети: нишонда яна танкерлар
20:16 / 21.05.2025
Ўзбекистоннинг яна бир компанияси Европа Иттифоқи санкциялари остида қолди
23:00 / 20.05.2025