Ўзбекистон | 09:54 / 29.08.2022
9601
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тиббий ускуналарни қиммат нархда сотиб олган мансабдор шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Тиббий ускуналарни қиммат нархларда сотиб олиб, бюджет маблағларини талон-торож қилган тиббиёт муассасалари мансабдор шахсларига нисбатан жиноий жазо чоралари қўлланилди.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил июль ойида Қашқадарё вилоятида ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш натижалари бўйича 10 та тиббиёт муассасаси томонидан 75 дона жами 7,8 млрд сўмлик тиббий ускуналар Қарши шаҳридаги “Д.М.” МЧЖдан шартнома асосида жуда қиммат нархларда бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган материаллар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган. 

Департамент вилоят бошқармаси томонидан тиббий ускуналар асл нархидан 3,1 млрд сўмга қиммат нархларда сотиб олингани ҳолати бўйича 2021 йил 16 декабрь куни “Д.М.” МЧЖ раҳбари ва Қашқадарёдаги 10 та тиббиёт муассасаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида 10 та тиббиёт муассасаси 11 нафар мансабдор шахслари ҳамда “Д.М.” МЧЖ раҳбари жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг 4 августдаги ҳукмига асосан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан жиноий жазо чоралари белгиланди.

Шунингдек, улар 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид