Жаҳон | 18:08 / 01.09.2022
10745
3 дақиқада ўқилади

АЭХА инспекторлари Запорижжя АЭСга етиб келишди

Новоолександривка назорат-ўтказиш пунктидаги кечикиш ва «кулранг» зонага ўтаётганда ўққа тутилганидан сўнг, АЭХА миссияси Запорижжя АЭСга етиб келди. Инспекторлар у ерда бир неча кун ишлашга умид қилмоқда.

Фото: Reuters

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) миссияси Россия қўшинлари томонидан қўлга олинган Энергодардаги Запорижжя АЭСга етиб келди. Бу ҳақдаги маълумотни 1 сентябр, пайшанба куни Украинанинг барча атом электр станциялари оператори «Энергоатом» тасдиқлади

Россиянинг РИА «Новости» ахборот агентлиги миссия машиналарининг атом электр станциясига киргани акс этган видеони эълон қилди.

«Интерфакс-Украина» мухбирининг маълум қилишича, инспекторлар Украина мудофааси охирги чизиғи ва Россия кучлари биринчи қатори бошланадиган жой ўртасидаги «кулранг» зонага ўтиш чоғида рус ҳарбийлари томонида отишма эшитилган. Аввалроқ миссия иштирокчилари Новоолександривка назорат пунктида ҳаракатланиш имкониятини бир неча соат кутишган. 

Ушбу назорат пунктида миссия етакчиси, АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси журналистлар билан суҳбатлашди. Унинг таъкидлашича, миссия аъзолари ҳозирги вазиятдан, хусусан пайшанба куни эрталаб кучайган ҳарбий фаолликдан хабардор. «Бир неча дақиқа олдин украиналик ҳарбийлар мени вазиятдан хабардор этишди, юқори хавфлар ҳақида гапириб беришди. Аммо барча ижобий ва салбий томонларни ўйлаб, шу ерга етиб келганимизни ўйлаб, биз тўхтамасликка, ҳаракатланишда давом этишга қарор қилдик, - деди у. - Биз у томонга ўтиш учун минимал шарт-шароитларга эга эканлигимизга ишонамиз, аммо хавф жуда юқори. Бироқ, менинг жамоам ва мен олдимизда жуда муҳим миссия турганига ишонамиз».

30 август куни АЭХА миссияси Киевга, эртаси куни эса станциядан 55 километр узоқликда жойлашган, Россия томонидан эгаллаб олинган Запорижжя шаҳрига етиб келди. Запорижжя области оккупацион маъмурияти «раҳбари» Евгений Балицкийнинг сўзларига кўра, АЭХА ходимлари ЗАЭС ҳудудида бир кун қолади, бироқ агентлик мутахассислари узоқроқ қолишга умид қилмоқда. «Агар биз доимий ёки узоқ муддатли иштирок этишга муваффақ бўлсак, унда муддатлар узайтирилади. Аммо бу биринчи босқич бир неча кун давом этади», деди Гросси журналистларга. 

Мавзуга оид