Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳоланд рекордларни янгиламоқда, Англияда «Арсенал», Италияда «Рома» етакчи. Тур ўйинлари якунлари
Ҳафта ўртасида Европа чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Англия: «Челси»да яна мағлубият, «Арсенал» ҳамон идеал кўринишда
Саутҳэмптон — Челси 2:1
Голлар: Лавиа (25), Армстронг (45+1) — Стерлинг (23).
Саутҳэмптон – Базуну, Уокер-Питерс, Салису, Белла-Кочап, Перро (Женепо, 73), Эльюнусси, Уорд-Проуз, Диалло, Лавиа (Арибо, 60), Армстронг (Войнович, 86), Адамс.
Челси – Менди, Аспиликуэта (Броя, 66), Тиаго Силва, Кулибали, Кукурелья, Жоржиньо (Чилуэлл, 67), Лофтус-Чик (Ковачич, 46), Маунт, Зиёш, Ҳавертц (Пулишич, 66), Стерлинг.
Стерлинг «Челси» таркибидаги энг ёрқин фигура бўлмоқда. Дам олиш кунларида унинг дубли бир соатдан ортиқ вақт давомида бир киши кам бўлиб ўйнаган кўклар жамоасига ўйинни ютиш имконини берганди. Сешанба куни эса Стерлинг ўйин бошидан «Саутҳемптон» мудофаасини таҳлика остида ушлаб турди, у биринчи имкониятда жамоадошига пас узатмай, вазиятни йўққа чиқарди. У иккинчи имкониятни ҳам қўлдан чиқараётганди, аммо тиришқоқлиги унга қайтган тўпга аниқ зарба бериб ҳисобни очишини таъминлади.
Аммо уч кун олдин ўз уйида «МЮ»га ютқазиб қўйган «авлиёлар» жамоасида топ-клубга жавоб қайтариш учун куч топилди. Ўйинда ҳисобни янги мавсум кашфиётларидан бири бўлиб турган футболчи очди. Ёзда «Манчестер Сити»дан 12 миллион евро эвазига трансфер қилинган 18 ёшли бельгиялик Лавиа тажрибали жамоадошлари билан рақобатда устун келмоқда ва стартдаги беш ўйинни ҳам илк дақиқалардан бошлади, бу сафар эса 2004 йилда туғилган футболчилар орасида АПЛда гол урган илк футболчига айланди.
Буни тасодиф деб ҳисоблаш ҳам мумкин эди, аммо «Саутҳемптон» акси эканини кўрсатди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Англия чемпионатида бир ярим йилдан ошиқ вақт давомида гол урмаган Адам Армстронг мезбонларни олдинга бошлади, танаффусдан кейин фақат Кукурельянинг фидокорлиги меҳмонларни учинчи голдан қутқарди ва ўйин охиригача интригани сақлаб қолди.
Аммо керакли даражадаги классик марказий форвард йўқлиги жамоаларнинг ҳужумкор фаоллигини сусайтирди. Томас Тухелда бундай футболчи бўлганида, у дарвозабон ҳудудида туриб бош билан аниқ зарба бера олмаган Ҳаверцдан яхшироқ ҳаракат қилган бўларди, немис футболчиси бу мавсумда бирор гол ёки голли пасни ўз ҳисобига ёзиб қўя олмади. Энди жамоа Обамеянг трансферидан умид қилиши мумкин, бу футболчи шу кунлардаги қуролли талончиликдан кейин «Барселона»дан Англияга қайтишдан фақат хурсанд бўлади. Ҳозирча сўнгги уч ўйиндан иккитасида мағлуб бўлган «Челси» етти очко билан турнир жадвалида тўққизинчи поғонада.
Манчестер Сити — Ноттингем Форест 6:0
Голлар: Ҳоланд (12, 23, 38), Канселу (50), Альварес (65, 87).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Стоунз (Льюис, 75), Диаш, Канселу (Серхио Гомес, 68), Гундўған, Силва, Родри (Маҳрез, 55), Фоден (Палмер, 55), Ҳоланд (де Брюйне, 69), Альварес.
Ноттингем Форест – Ҳендерсон, Уильямс, Куяте (Бьянкон, 79), Маккенна, Уоррелл, Лоди (Тоффоло, 69), Фройлер, Йейтс (Колбэк, 69), О`Брайен, Гиббс-Уайт (Деннис, 58), Жонсон (Авонийи, 58).
«Манчестер Сити»нинг буюк тўпурарларни трансфер қилишда омади келган. Аввалига Агуэро бўлганди, у якунда «шаҳарликлар» тарихидаги энг яхши мерганга айланди. Энди эса Ҳоланд Англиядаги фаолиятини аргентиналик форвард ритмида бошламоқда. Аниқроғи норвегиялик гол машинаси қандайдир космик тезлик олди. Ўтган турда иккинчи бўлимда жамоа халоскори бўлиб, уч гол урган футболчи бу сафар ўйиннинг 38-дақиқасига келиб ҳет-трикни расмийлаштирди, АПЛ тарихида бундай натижага фақат олти футболчи сазовор бўлганди.
Бундан ташқари, «Сити»нинг янги юлдузи АПЛнинг иккита рекордини янгилади. Бунга қадар стартдаги беш ўйинда саккиз гол уришга фақат икки футболчи муваффақ бўлганди — Агуэро ва Куинн. Ҳоланд эса 9 гол уришга улгурди. Норвегияликнинг яна бир натижаси — стартдаги беш ўйинда икки бор ҳет-трик қайд этишидир. Бунга қадар бундай натижага энг қисқа фурсатда Демба Ба эришганди, унга 21 ўйин керак бўлган. Шунингдек, норвегиялик август ойида урилган голлар сони бўйича аллақачон Кейнга етиб олди, англиялик футболчи учун бу ой бутун фаолиятидаги энг кам гол урилган даврга айланди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида Хосеп Гвардиола Ҳоландга дам берди, ҳужум марказига ўтказилган аргентиналик Альварес эса дубли билан ҳисобни 6:0 кўринишига келтирди, ундан олдинроқ Канселу ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйганди.
Арсенал — Астон Вилла 2:1
Голлар: Жезус (30), Мартинелли (77) — Луис (74).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Томиясу, 64), Габриэл, Салиба, Тирни, Жака, Эдегор (Смит-Роу, 81), Локонга, Сака (Ҳолдинг, 88), Жезус (Нкетиа, 88), Мартинелли.
Астон Вилла – Мартинес, Кэш, Мингз, Конса, Динь, Макгинн (Луис, 73), Камара (Ингз, 83), Рэмзи, Буэндиа (Коутиньо, 73), Уоткинс, Бэйли.
Кутилганидек «Эмирейтс»даги ўйинда энг сезиларли фигуралардан бири «канонирлар»нинг собиқ дарвозабони Мартинес бўлди. Биринчи бўлимда мезбонлар меҳмонлар дарвозаси томон 15 бор зарба йўллади, шундан 7 таси аниқ (ўйинда жами 22 зарба ва шундан 9 таси дарвоза соҳаси томон борган, рақибда эса бу кўрсаткич 4 га 3), аргентиналик посбон Саканинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини тўсиб, «Астон Вилла»ни қутқарди, аммо «Арсенал»нинг тинимсиз босими барибир натижа келтирди ва Мартинеллининг рикошет орқали келган зарбасини Мартинес қайтарганида, яқин масофада турган Габриэл Жезус тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Аммо Микел Артета жамоаси вазиятларни кўкка совуришда давом этаркан, муаммолар юзага келди, иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида майдонга туширилган Дуглас Луиз тўпга илк тегинишларидаёқ ҳисобни тенглаштирди. У бурчак зарбасидан тўпни дарвоза томон йўллаганида мезбонлар посбони Аарон Рамсдейл рақиб ҳимоячиси ортида қолиб, тўпга сакрай олмади, видеотакрордан кейин ҳакам голни ҳисобга олди. Уч дақиқа ўтиб мезбонлар Мартинеллининг «тўққизлик»ка йўллаган зарбаси билан устунликни ўзига қайтарди. Бу қаторасига бешинчи ўйинда ғалабага эришиб, турнир жадвали пешқадамлигини сақлаб қолиш учун етарли бўлди, аммо ўйинда жамоа учун нохуш вазият «Арсенал» сардори Эдегор жароҳат олиб сафдан чиқиши бўлди, унинг йўқотилиши якшанба куни «МЮ»га қарши ўйинда сезилиши мумкин.
Ливерпул — Ньюкасл 2:1
Голлар: Фирмино (61), Карвалью (90+8) — Исак (38).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Карвалью, 71), ван Дейк, Гомес, Робертсон (Цимикас, 71), Ҳендерсон (Милнер, 71), Фабиньо, Эллиотт, Фирмино, Салоҳ, Диас.
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Берн, Ласселс, Таргетт, Лонгстафф, Уиллок, Фрэйзер (Мёрфи, 64), Альмирон (Андерсон, 84), Жоэлинтон, Исак (Вуд, 64).
Бу турдаги энг драматик ўйин «Ливерпул»нинг муваффақияти бўлди, жамоа «Ньюкасл»нинг мағлубиятсиз сериясига якун ясади. «Қарғалар» — бу мавсумда «Манчестер Сити»дан очко олган ягона жамоа бўлиб турибди ва уларни «Энфилд» трибуналари чўчита олмади. Ўйин арафасида трансфер қилинган Исак Англия премьер лигасида гол уришни бошлаб юборди. Аммо қизиллар ҳозирда ўзига келмоқда, Роберто Фирмино эса қийин паллаларда самарали ўйин намойиш этмоқда, Юрген Клопп асосий форвард Нуньеснинг дисквалификацияси туфайли уни ўйнатишга мажбур бўлганди.
Дам олиш кунларида бўлиб ўтган турда бразилиялик ҳужумчи дубл ва учта голли узатмаси билан «Борнмут»нинг яксон этилишида асосий ишни бажарганди. Энди эса жуда муҳим ўйинда жавоб голини урди. Шартномасини янгилаганидан кейин самарадорлиги кескин пасайиб кетган Салоҳ эса барибир ғалабага ўз ҳиссасини қўшди. Ўйинга қўшиб берилган беш дақиқадан кейин саккизинчи дақиқа ўтаётган маҳалда у бурчак зарбаси ишлади. Тўп жарима майдонига узатилганида тўп учун курашди ва шу куни 20 ёшга кирганини нишонлаган Фабиу Карвальо дарвоза чизиғи яқинидаги пала-партишликдан фойдаланиб, жамоага ғалаба келтирди.

Италия: Меньян — пенальтичиларнинг даҳшатли туши
Сассуоло – Милан 0:0
Сассуоло – Консильи, Толян, Феррари, Эрлич, Рожерио, Лопес, Фраттези (Харруи, 69), Торстведт (Матеус Энрике, 69), Кирьякопулос (Маркицца, 84), Берарди (Дефрель, 52), Пинамонти (Альварес, 84).
Милан – Меньян, Флоренци, Кьер (Калулу, 80), Томори, Эрнандес, Беннасер, Браим Диас (де Кетеларе, 57), Побега (Тонали, 57), Салемакерс (Жуниор Мессиас, 57), Жиру (Адли, 73), Рафаэл Леау.
«Милан» «Сан-Сиро»да тез-тез «Сассуоло»га ютқазиб туради, аммо «россонери» сафарда қора-яшилларни аямаган. 2017 йил февралидан буён улар барча олти сафар учрашувида ғалаба қозонган, жумладан, ўтган йил майида (3:0) ҳисобидаги ғалабадан кейин скудетто қўлга киритилган. Аммо сешанба куни Стефано Пиоли жамоаси тиғиз тақвим қурбони бўлди, чунки миланликлар уч кун ичида икки ўйин ўтказишига тўғри келди. Натижада таркибда ротация ва сифат пасайиши кузатилди.
Чемпионлар ўйиннинг маълум қисмларида ташаббусни қўлга олишди, аммо ортиқча таваккалчилик қилинмади. Ўйин улар учун ёмон сценарийда кечишидан Меньян қутқариб қолди, француз чемпионатида пенальти қайтариш борасида мутахассис саналган дарвозабон бу ўйинда «Сассуоло» етакчиси Берардига қарши дуэлда устун келди, бу унинг А Сериядаги илк пенальти қайтариши, бутун фаолияти давомида эса Меньян ўз дарвозасига қўйилган 29 пенальтида 9 та сейв қилган, бу сафаргиси ҳисобига «Милан» жорий календар йилида кучли бешлик чемпионатларида ҳаммадан кўра кўпроқ «қуруқ» ўйин ўтказган жамоа бўлиб турибди (14).
Интер — Кремонезе 3:1
Голлар: Корреа (12), Барелла (38), Мартинес (76) — Окереке (90).
Интер – Ҳанданович, Думфрис (Белланова, 79), де Врей, Шкриньяр, Димарко (Д`Амброзио, 72), Дармиан (Гозенс, 79), Брозович (Аслани, 72), Чалхонўғли, Барелла, Жеко, Корреа (Мартинес, 55).
«Интер» кутилганидек ўтган турда «Лацио»дан учралган мағлубиятдан кейин ўзига келди ва В сериядан чиққан жамоани осонлик билан мағлуб этди. «Нерадзурри» «Кремонезе»га ижарага берган дарвозабон Раду ўйин бошидаёқ Корреа томонидан хафа қилинди. Аммо унинг голи одатий чиққан бўлса, иккинчи гол — жамоалар савияси ўртасидаги фарқни намойиш этиб берган шедевр бўлди. Ҳоқон Чалхонўғли қанотдан дарвозабон ҳудудида тўпни кўтариб бериш ўрнига орқароқда бўш турган Бареллага тўпни етказди, у эса ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан аниқ зарба йўллади.
Яримҳимоячини нафақат трибуналар, балки жамоадошлари, жумладан жароҳат туфайли октябрга қадар сафдан чиққан Лукаку ҳам олқишлади. Бельгиялик футболчи даволанишда давом этаркан, қора-кўкларнинг асосий зарбдор ҳужумчиси Лаутаро Мартинес бўлади. Сешанба куни аргентиналик ҳужумчи захирадан ўйинга қўшилди ва сериясини давом эттирди - у янги мавсумнинг барча ўйинларида самарали ҳаракат қилмоқда (3 гол ва 1 узатма). Меҳмонлар Окерекенинг ўйин охиридаги жавоб голи билан овунишди, Ҳанданович «тўққизлик» томон учган тўпга томошабин бўлиб турди.
Рома — Монца 3:0
Голлар: Дибала (18, 32), Ибаньес (61).
Рома – Патрисиу, Челик, Манчини, Кумбула (Смоллинг, 28), Рожер, Матич, Кристанте, Пеллегрини (Бове, 80), Дибала (Эль-Шаарави, 65), Абраҳам (Белотти, 80), Залевски (Спинаццола, 66).
Дибаланинг расман «Рома» футболчиси сифатидаги тақдимоти — бу ёздаги энг ёрқин футбол маросими бўлганди. У «бўрилар» жамоаси сафидаги илк ўйинни камтар ўтказди, жамоа ҳам минимал ҳисобдаги ғалаба билан кифояланди, аммо вазият Дибаланинг қадрдон Туринга ташрифи билан ўзгара бошлади.
Бу ерда Дибала Абраҳам жавоб голини уришида асосий ишни бажарди ва «Рома» сафардан очко билан қайтишини таъминлади, уч кун ўтиб эса англиялик ҳужумчи ушбу жамоадоши голлар ҳисобини очишида ёрдам берди. Биринчи голини аргентиналик футболчи англиялик шеригининг пасидан кейин рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб урди. Иккинчи вазиятда эса Абраҳам худди шундай вазиятга чиқиб борди, Дибала эса дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келди.
Бу ушбу футболчи учун А Сериядаги 100-голга айланди. Дибала Жозе Моуриньо ва «Рома» фанатлари ёқимтойига айланмоқда. Энди римликлар 4 ўйинда 10 очко билан яккапешқадам бўлиб олди.
Ювентус — Специя 2:0
Голлар: Влаҳович (9), Милик (90+2).
Ювентус – Шченсни (Перин, 43), Данило, Бремер (Сандро, 85), Гатти, Де Шильо, Рабьо, Локателли, Миретти, Куадрадо (Костич, 54), Кен (Ди Мария, 54), Влаҳович (Милик, 85).
«Кекса синьора» бу ўйинни худди аввалгиси каби бошлади — Влаҳович яна жарима нуқтасидан тезкор гол урди. Сербиялик форвард шу вақтга қадар якунловчи сифатида маълум эди, бу мавсумдан эса янги қирраларини намойиш этмоқда.
«Ювентус» сафида шу вақтга қадар фақат уч футболчи кетма-кет икки ўйинда жарима зарбасидан гол урганди, булар Миралем Пьянич, Андреа Пирло ва Алессандро Дель Пьеро. Энди Влаҳович шундай уникал футболчилар компаниясига қўшилди, асосийси «Рома» билан бўлган ўйиндагидан фарқли ўлароқ туринликлар бу сафар ғалабага эришди.
Қолаверса, «бьянконери» сафида илк голини урган Милик жамоага мослашмоқда, у Массимилиано Аллегрининг ҳужумдаги имкониятларини оширмоқда.
Наполи — Лечче 1:1
Голлар: Элмаз (27) — Коломбо (31).
Амалга оширилмаган пенальти: Коломбо (25).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Эстигор, Ким Мин Чэ, Оливера, Замбо-Ангисса (Симеоне, 85), Элмаз (Кварацхелия, 56), Ндомбеле (Лоботка, 46), Политано (Лосано, 71), Осимҳен, Распадори (Зелиньски, 46).
Ўтган турда Кварацхелия Италия чемпионатида илк бор ўйинни гол ёки голли пассиз тарк этганди. Чоршанба куни Хвича илк бор ўйинни захира ўриндиғида бошлади ва уч турдан кейин етакчи бўлиб турган «Наполи» В сериядан чиққан жамоага қарши ўйинда муаммоларга дуч келди. Грузиялик легионер позициясида ўйнаган Элмазнинг голи урилишидан бир неча дақиқа олдин «Лечче» пенальтидан фойдалана олмади. Аммо «нуқта»да адашган Коломбо барибир кўп ўтмай Элмазнинг голига жавоб қайтарди.
Кварацхелия 56-дақиқада майдонга тушди, унда биринчи турдаги каби бош билан гол уриш учун яхши имконият юзага келганди. Аммо Осимҳен ортида очилган жамоадошини кўрмади ва ноқулай вазиятда турган ҳолда ноаниқ зарба берди. Яна бир ҳужумда Хвича товони билан аъло даражада пас берди, аммо Оливеранинг зарбасини дарвозабон бартараф этди. Ўйин якунигача мезбонларда яна бир қанча вазиятлар бўлди, аммо ҳисоб ўзгармай қолди. «Наполи» қаторасига икки ўйинда дуранг ўйнади ва етакчиликни бой берди.

Мавзуга оид
10:44 / 26.05.2025
Ҳакамнинг хатоси «Астон Вилла»ни, «Ювентус»нинг пеналтиси «Рома»ни ЕЧЛсиз қолдирди. Кун ўйинлари
09:45 / 25.05.2025
«Бернабеу» Модрич ва Анчелотти билан хайрлашди. «Реал» фанатлари кўз ёшларини тия олмади
12:05 / 22.05.2025
«Тоттенҳэм» финалда «МЮ»дан устун келди ва мавсумни қутқариб қолди
10:12 / 21.05.2025