Ўзбекистон | 20:05 / 02.09.2022
23029
3 дақиқада ўқилади

Киночилар уйида “Пулинг бўлса…” фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Фото: Кинематография агентлиги матбуот хизмати

2 сентябр куни “Киночилар уйи”да Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Кўзгуфильм” киностудияси билан ҳамкорликда суратга олинган “Пулинг бўлса…” фильмининг илк премьераси бўлиб ўтди. Намойишдан аввал Ўзбекистоннинг таниқли маданият ва санъат арбоблари ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Фильмда Алижон исмли меҳнатсевар олим ҳақида сўз боради. У ўз умрини пиллачиликка бахшида қилган. Унинг уринишлари неча йилдирки, самарасиз. Шунга қарамай, у ўз севган касбидан воз кечолмайди. Шунингдек, у ўз лаборатория жиҳозларини уйига кўчириб олиб, тун-у кун тинимсиз ишлайди. Кунларнинг бирида қишлоқдан отаси меҳмонга келади-ю, ўғлининг муккасидан кетиб ишлаётганидан жаҳли чиқиб, унга танбеҳ беради. Ота-ўғилнинг бу сафарги суҳбати Алижон ҳаётида кескин бурилиш ясалишига сабаб бўлади.

Кеча гўштга ҳам пул топа олмаган олим қисқа фурсат ичида ихтироси туфайли бадавлат инсонга айланади. Алижон ҳатто тушида ҳам кўрмаган бойликларга эга бўлади. 

Қўшнилар, яқинлар ва ҳатто оила аъзоларининг масхара қилишларига қарамай, унинг ўзига ва ишига бўлган ишончи ўз самарасини берди. Муваффақият, молиявий фаровонлик бошқаларнинг Алижонга бўлган муносабатини кескин ўзгартирди…

Комедия саҳналари борлигига қарамай, фильм жанри трагикомедияга яқин.

“Бугунги фильм намойиши – байрам кунларида ўзбекистонликлар учун яна бир туҳфа бўлди. Фильм энг муҳим нарсалар – ўзига бўлган ишонч ва ўз ишига содиқлик ҳақида. Инсон қалбида ишонч билан яшаса, тўғри йўлни танлаб, ҳалол меҳнат қилса, албатта қадрланади. Умид қиламанки, фильм томошабинларга манзур келади, балки кимдир ўзини бош қаҳрамон сифатида таниб қолар…” — деди Кинематография агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев.

Фильм устида ишлаган ижодий гуруҳ: продюсер — Қудратилла Файзуллаев, сценарий муаллифи — Бахтиёр Карим, режиссёр — Илҳом Муҳаммадиброҳимов. Бош ролларда: Толиб Мўминов, Лола Элтоева, Матёқуб Матчанов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Муниса Магаметибрагимов, Хонзода Дўстова, Хадичабону Абдуқаҳҳорова, Гўзал Юсупова, Махлиё Асқаралиева ва Феруза Собитова.

Кинематография агентлиги матбуот хизмати

Мавзуга оид