Жаҳон | 14:34 / 03.09.2022
29938
3 дақиқада ўқилади

Москвада Михаил Горбачёв билан видолашув маросими бўлиб ўтяпти

Горбачёвнинг жасади бўлган тобут қўйилган Союзлар уйи олдида узун навбат юзага келди. Санкциялар туфайли ғарб сиёсатчилари Россияга келмади.

Фото: ТАСС

Москвада, Союзлар уйи Колонний залида 3 сентябр, шанба куни 30 август куни 92 ёшида вафот этган СССР собиқ президенти Михаил Горбачёв билан видолашув маросими бўлиб ўтяпти. Бино яқинида ўрнатилган панжаралар ёнида узун навбат юзага келган. Полициячилар келганларни бир неча ўнлаб одамлардан иборат гуруҳлар бўлиб ичкарига киритяпти.

Россия матбуоти хабарига кўра, Тошкент вақти билан соат 12:00 да бошланган маросимда аллақачон хонанда Алла Пугачёва, шунингдек, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев ҳам иштирок этган. Амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин хайрлашиш учун келмади, аввалроқ у Горбачёв билан алоҳида видолашганди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков буни Путиннинг бандлиги билан изоҳлади. 

Михаил Горбачёв учун давлат миқёсида дафн маросими уюштирилмади. Видолашув маросимида юқори мартабали ғарб сиёсатчилари ҳам иштирок этиши кутилмаяпти. Бунга Россиянинг Украинага қуролли кириши сабабли ғарб томонидан Россия Федерациясига нисбатан жорий қилинган санкциялар сабаб бўлди. Видолашув маросимида Германиядан Россиядаги элчихонанинг муваққат ишлар вакили иштирок этмоқда. 

Германия канцлери Олаф Шольц Горбачёв билан хайрлашув маросимига келмаганини таклифнома олмагани билан изоҳлади. Германиянинг бир қатор федерал ҳудудларда мотам белгиси сифатида байроқлар тушириб қўйилди.

Кўплаб ғарб сиёсатчилари учун Москвага келиш барибир имконсиз эди, чунки Россия уларга мамлакатга киришни тақиқлаган. Россия, шунингдек, «дўстона бўлмаган Европа иттифоқи мамлакатлари» самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпди. Шунинг учун ғарб номидан Горбачёв билан хайрлашиш учун фақат чет эл элчилари ва дипломатлари келган. Айни пайтда, Венгрия ҳукумати видолашув маросимида бош вазир Виктор Орбан иштирок этишини маълум қилди. 

Михаил Горбачёв Москвадаги Новодевичя қабристонида рафиқаси Раиса ёнига дафн этилади. Германияда Горбачёв Германияни бирлаштиришдаги ёрдами ва ядровий қуролсизланиш йўлидаги хизматлари учун юксак қадрланади. 

Шу билан бирга, Россиянинг ўзида Михаил Горбачёв у бошлаган қайта қуриш ва СССР парчаланиши туфайли турлича қабул қилинади. Путин совет иттифоқининг парчаланишини фожиа ва «тарихий Россиянинг қулаши» деб атаган. Горбачёв ҳаётининг сўнгги йилларида Россияда сўз эркинлиги чекланиши ва Путиннинг авторитар режимини танқид қилиб келди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид