Жамият | 08:53 / 04.09.2022
32727
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида бетон тўсиққа урилган Lacetti ёниб кетди

Фото: Telegram

Ижтимоий тармоқларда «Роҳат» постига келаверишда Lacetti катта тезликда бетон тўсиққа урилиб, ёниб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 3 сентябрь куни соат тахминан 14:15 да Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган, давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р17а автомобиль йўлининг 4-километрида ҳайдовчи — 2001 йилда туғилган Қ.Ш. Lacetti’да кетаётиб, рул бошқарувини эплай олмай, йўлнинг ўнг четидаги муҳофазаловчи бетон тўсиққа урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бетон тўсиққа урилиши оқибатида автомобилда ёнғин келиб чиққан ва машина тўлиқ ёниб кетган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг ҳайдовчига воқеа жойида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид