Ўзбекистон | 10:49 / 05.09.2022
5816
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Риштон туманларида ер майдонларини ноқонуний сотаётганлар қўлга олинди

Фарғона туманида 22 гектар экин ер майдонини интенсив боғ ташкил этиш учун олиб бериш эвазига 68 000 АҚШ долларини қўлга киритган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.Ф. ва бошқалар тадбиркор А.нинг ишончига кириб, унга Фарғона тумани “Қўрғонтепа” МФЙ ҳудудидан 22 гектар экин ер майдонини интенсив боғ ташкил этиш учун олиб бериш эвазига 68 000 АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланиб, ушбу олган пуллари ҳисобидан 500 АҚШ долларини қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, А.Ф. бошқа бир фуқаро Д.га Фарғона туманидан 10 гектар экин ер майдони олиб бериш эвазига 10 000 АҚШ долларини қўлга киритиб, шундан 5 700 АҚШ долларини қайтармасдан келаётгани аниқланган.

Шу каби Риштон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Р.М. ва бошқалар “Д.” фермер хўжалигига қарашли 10 сотих экин ер майдонини ҳужжатларни сохталаштириш орқали фуқаро Ж.нинг номига турар жой сифатида кадастр йиғмажилди расмийлаштириб бергани аниқланган.

Шунингдек, Р.М. фуқаролар Б. ва А.нинг ишончига кириб, уларга танишлари ёрдамида туман ҳудудидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб бериш эвазига 100 млн сўм ва 6 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарёда дарё муҳофазасидаги 20 сотих ерни 20 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушлангани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид