Ўзбекистон | 10:43 / 06.09.2022
45160
3 дақиқада ўқилади

«Прокурор билан гаплашишдан олдин мактаб қурилишини жойига қўйиб қўйиш керак» - Президент Сурхондарё ҳокимига

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари ҳудудларда янги мактаблар қурилиши мавзусига алоҳида тўхталди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бугун ҳар бир ҳоким шошилмасдан менга айтиб беради: ички имконият борми ёки йўқми? Бор бўлса, нега халқимизга хиёнат қиляпсан? Нега бориб пулни ўзлаштирмаяпсан? Нега берилган кредитни қилолмаяпсан? Мен бугун ҳаммадан сўрайман.

Бугун - 1 сентябр. 290 та мактаб объектлари қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаган. Бу нимадан далолат? Бугунги айтган камчиликлар бўйича инвестицион дастурни тугатамиз. Шу вилоятларга келгуси йил мактаб бўйича пул берилмайди. Ҳоким айбдор, деб ҳамманинг ўзи телевизорда чиқади: «Шуни бажармаганимга мен айбдорман», деб. 

Андижон - 25 та, Бухоро - 24 та, Жиззах - 12 та, Қашқадарё - 32 та, Навоий - 8 та, Наманган - 12 та, Самарқанд - 8 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилмаган. Сурхондарёда, жаноб, прокурор билан гаплашаётган бир ҳоким бор - 29 та мактаб. Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам. Тошкент вилояти, жаноб Мирзаев - 41 та, Сирдарё - 6 та, Фарғона - 23 та, Хоразм - 6 та, Тошкент шаҳри - 23 та мактаб охиригача етказилмаган. Бугун кечқурун ҳамма ҳокимлар менга хат ёзади, агар биронта гапнинг таги бўлмаса ишдан оламан», деди йиғилишда президент. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. 

Маълумот учун, аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурорини ҳақоратлагани аудиоси интернетда тарқалган, унда вилоят ҳокими ўзига яқин бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортаётгани учун прокурорни ҳақорат қилиб, терговга тўғридан тўғри аралашгани акс этганди.

Бош прокуратуранинг ҳолат юзасидан берган баёнотида аудиоёзувлар ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётгани айтилган. Бироқ шундан бери ўрганиш натижалари жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

24 август куни интернетда вилоят ҳокимининг янги аудиоси тарқалди. Унда Боболов президентнинг 2018 йил 14 августдаги 3907-сонли қарорига зид равишда «Сурхон тонги» газетасини керакли миқдорда обуна қила олмаётган мутасаддиларга қаттиқ танбеҳ берганини эшитиш мумкин.

Ҳокимлик матбуот хизмати Ангор тумани прокурори ҳақоратланган дастлабки аудио ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, бошқача талқин қилингани, йиғилиш танқидий руҳда ўтгани сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлгани билан хаспўшлаганди. 

Навбатдаги аудио бўйича муносабатда эса 2022 йилда вилоят ҳокими раҳбарлигида обуна масаласида йиғилиш ё учрашув ўтказилмагани, мазкур аудиоёзув «2021 йилдаги йиғилишлардан монтаж қилингани»ни билдирган.

Мавзуга оид