Жаҳон | 19:06 / 06.09.2022
15373
3 дақиқада ўқилади

Россия урушнинг ярим йили давомида ёнилғи сотишдан 158 млрд евро ишлади. Унинг ярмидан кўпини Евроиттифоқ сотиб олган

Фото: AP

Россия 24 февралдан 24 августгача бўлган давр оралиғида ёнилғи экспортидан 158 миллиард еврога яқин даромад олди. 6 сентябр ҳолатига кўра, Евроиттифоқ мамлакатлари Россиядан ёнилғи сотиб олиш учун 87,5 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу ҳақда CREA (Энергия ва тоза ҳавони тадқиқ қилиш маркази) халқаро ташкилоти маълум қилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, Россия ёнилғисининг бошқа йирик импортёрлари Хитой (34,9 миллиард евро), Туркия (10,7 миллиард евро), Ҳиндистон (6,6 миллиард евро), Япония (2,5 миллиард евро), Миср (2,3 миллиард евро) ва Жанубий Корея (2 миллиард евро) ҳисобланади.

CREA ташкилотининг эътибор қаратишича, Россия етказиб бериш ҳажмининг пасайишига қарамасдан, йўқотишлар ўрнини ёнилғи нархининг кўтарилиши ҳисобига қопламоқда. Натижада мамлакатнинг ҳозирги кундаги даромади аввалги йиллардагига нисбатан анча кўпроқни ташкил этмоқда. 

Шу билан бирга, Европага газ етказиб бериш ҳажмининг қисқариши Россияга кунига бир миллиард рублга тушмоқда, етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши эса бюджетга солиқ тушумларининг йилига 400 миллиард рублга камайишига олиб келади, деб ёзади Bloomberg агентлиги Россия ҳукуматининг ёпиқ ҳисоботига асосланиб. Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, ЕИнинг Россия нефти ва газидан бирданига воз кечиши РФнинг ўз бозорини таъминлаш салоҳиятига зарба бериши мумкин.

Сентябр бошларида «Катта еттилик» мамлакатлари Россия нефтига нисбатан нархни чегаралашга келишиб олди. Шунингдек, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Россия газига нисбатан нархни чегаралаш борасидаги режани эълон қилди.

6 сентябр куни Еврокомиссия нархни чегаралаш бўйича иккита вариантни таклиф этгани маълум бўлди. Биринчи вариантда бутун ЕИ ҳудудида Россия газига чегараланган нарх жорий этиш кўзда тутилган. Иккинчи вариантда эса ЕИга аъзо мамлакатларни чегараланган нарх жорий этиладиган «қизил» ва «нархлар юқорилигича қоладиган» «яшил» ҳудудларга ажратиш мўлжалланмоқда.

Евроиттифоқ санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида Россия нефти ва нефт маҳсулотларидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича келишиб олди. Бунда қувурлар орқали нефт етказиб беришга нисбатан чеклов жорий этилмайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид