Ўзбекистон | 09:47 / 08.09.2022
2179
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва БАА Тошкент вилоятида «Ақлли тиббиёт шаҳри» лойиҳасини амалга оширади

Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Корея ишбилармонлари ўртасида қатор меморандумлар имзоланди.

Фото: Dunyo

Жанубий Кореяда амалий ташриф билан бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Сеул ва Инчон шаҳарларида Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари йирик компаниялари вакиллари билан учрашди, дея хабар бермоқда “Дунё”.

Мамлакатдаги етакчи қурилиш компанияларидан бири ҳисобланган Hanshin Engineering & Construction ижрочи директори Чои Мун Гю билан мулоқот чоғида “Нурафшон бизнес сити” ҳудудида кўп қаватли уйлар, меҳмонхона ва тижорат бинолари қуриш ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган “Ақлли тиббиёт шаҳри кластери” лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Жанубий Корея ва БАА компаниялари билан Тошкент вилояти ҳудудида Tashkent Medical Smart ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Лойиҳа қиймати қарийб 2 миллиард долларни ташкил қилади.

Мазкур компания 1950 йилда уй-жой қурилиши компанияси сифатида ташкил этилган бўлиб, кейинчалик архитектура, қурилиш, электр энергияси ва экинларни етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. 

Шунингдек, Жанубий Корея ва БАА тиббиёт, соғлиқни сақлаш, экотизим, шаҳарсозлик, ландшафт, атроф-муҳит дизайни қурилиши билан шуғулланувчи компания вакиллари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.

Делегация аъзолари Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон билан музокаралар ўтказди. Мулоқотда вилоятдаги “Ангрен ЭИЗ”, “Чорвоқ ТИЗ”, “Чирчиқ-Химград”, “Бўстонлиқ Фарм”, “Паркент Фарм” эркин иқтисодий зоналари имкониятлари, Нурафшон-ситида қурилиш ва бунёдкорлик каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ҳамда туризм, таълим, яшил энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари, биофармацевтика ва нанотехнологиялар, электроника соҳаларини ривожлантириш музокаралари олиб борилди.

Мулоқот якунида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Корея Республикаси Tashkent Development Corp компанияси ўртасида 500 миллион долларлик Nurafshon New Korea Busines City лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид