Ўзбекистон | 13:01 / 08.09.2022
2103
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек мутахассислари Италияда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тажриба оширади

Ўзбекистон ва Италия ўртасида ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилади.

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Италия Миллий тадқиқотлар кенгаши Ўсимликларни барқарор ҳимоя қилиш институти директори Мауро Чентритто ва Ўзбекистон ўсимликлар ҳимояси ва карантини илмий-тадқиқот институти директори Азим Анорбоев ўртасида видео-алоқа воситасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Икки давлат ўртасида ўсимликларни ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик илмий ва амалий жиҳатдан юқори истиқболга эга эканлиги алоҳида қайд этилди. Бу борада ўсимлик зараркунандалари хавфини таҳлил қилиш, фитосанитария хатарларини бошқариш, ўсимликларни ҳимоя қилиш турли йўналишлари бўйича йўриқномалар тайёрлаш, экологик тоза кимёвий моддаларни қўллаш орқали ўсимликларни самарали зарарсизлантириш усулларини ишлаб чиқиш, зараркунандаларга қарши кураш биологик усулларини ишлаб чиқиш ҳамда уруғлик ва экиш материаллари сифатини яхшилаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ экани билдирилди.

Музокаралар чоғида Италияда ўзбек мутахассислари ва экспертлари ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин бўйича билим ва тажрибасини оширишда амалий ёрдам беришга тайёрлик маълум қилинди. Ушбу масалалар юзасидан томонлар яқин муддат ичида англашув меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олди.

Италия Миллий тадқиқотлар кенгаши Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти 1962 йилда ташкил топган бўлиб, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида зараркунандаларга қарши кураш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради. Институт Турин, Флоренция ва Барида 6 та илмий тадқиқот марказига эга. Ушбу олий таълим муассасасида 200 нафардан зиёд илмий ходим фаолият кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид